Россия польшалик қурбонларга мотам тутмоқда

Image caption Ҳалокатда президент билан бирга, Польшанинг деярли бутун ҳарбий раҳбарияти қурбон бўлган

Душанба куни Россияда Смоленск яқинидаги учоқ ҳалокатида нобуд бўлган Польша Президенти ва бошқа қурбонларга мотам куни, деб эълон қилинган.

Мамлакат бўйлаб барча кўнгилочар тадбир ва теледастурлар бекор қилинган.

Қурбон бўлганларнинг яқинлари жасадларни таниб олиш учун Москвага келишган.

Якшанба куни Польша Президенти Лех Качинскийнинг жасади ватанига олиб келинган.

Қолган 96 киши, жумладан, Президентнинг рафиқаси Мария Качинскийнинг жасади хали аниқланмагани айтилади.

Қурбонлар орасида Польша Қуроли кучларининг деярли бутун олий қўмондонлиги-Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи, ҳарбий ҳаво ва ҳарбий денгиз кучлари, қуруқликдаги ва махсус кучлар бошлиқлари бор.

Учоқда шунингдек, Президент девонхонасининг раҳбари, Польшанинг муҳожиротдаги охирги президенти, Марказий Банк ҳамда Миллий хавфсизлик бюроси раҳбарлари бўлган.

Польша Президентининг учоғи жума куни Смоленск аэропортига қўниш чоғида ҳалокатга учраган.

У ва учоқдаги бошқа расмийлар Катын ўрмонида 1940 йилда Сталиннинг буйруғи билан отиб ташланган польшалик зобитларни хотирлаш маросимида иштирок этишлари кутилаётганди.

Учоқ ҳалокатини ўрганиш юзасидан тузилган ҳукумат комиссиясига Бош вазир Владимир Путин бошчилик қилмоқда.

Польшанинг ўзида фожиа юз берган куниёқ мотам эълон қилинган ва у бир ҳафта давом этади.

Оврўпо Иттифоқининг барча давлатларида душанба куни қурбонлар хотирасига бир дақиқа сукут сақланади.

Бразилия, Литва, Украина ва Чехия ҳам Польша билан тарихий алоқаларга ҳурмат юзасидан мотам эълон қилинган.

Якшанба куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Польша Сейми воизи Бронислав Комаровскийга ҳамдардлик мактуби юборган.