Исландиядаги вулқон кули туфайли Британияда парвозлар издан чиқди

Эйяфяллайекюл музлигидаги вулқондан кўтарилган кул булути
Image caption Кул булути катта ҳудудга тарқалган

Исландия жанубидаги вулқон уйғониши натижасида ҳавога кул кўтарилган, кул булутлари Британиянинг анча қисмини эгаллаган.

Авиаширкатлар ҳаво қатновларини чеклашга қарор қилганлар.

Исландия жанубидаги Эйяфяллайекюл музлигидаги вулқон 200 йиллик уйқудан кейин шу йил 20 мартида қайта уйғонган эди.

Эйяфяллайекюл музлигидаги вулқон атрофида тасвирга олинган видеолавҳани томоша қилинг

Исландия пойтахти Рейкявикдан 200 километр жануби-шарқдаги музликдаги вулқон жонланиши яқин атрофда истиқомат қиладиган 500 кишини яшаш жойларидан кўчишга мажбур қилганди.

Ҳозирга келиб вулқондан кўтарилаётган кул Британия ва Скандинавия мамлакатлари томон учиб бормоқда.

Кул булутлари учоқлар двигателини ишдан чиқариши мумкинлиги борасидаги хавотир туфайли авиаширкатлар парвозларни бекор қилганлар.

Image caption Шотландиядаги барча аэропортларни ёпишга қарор қилинган

Лондоннинг Хитроу аэропортида 150 дан зиёд, Гатвик аэропортида 100 дан ортиқ парвоз бекор қилинган.

Шунингдек, Манчестер, Ливерпул, Ньюкасл ва Бирмингем шаҳарлари қўналғаларида ҳам кўплаб учоқларнинг қўниши ёки парвози чекланган.

Шотландиядаги барча аэропортлар фаолияти тўхтаган.

Шимолий Ирландия ва Ирландия республикасидаги парвозларда ҳам узилиш бўлган.

Норвегия пойтахти Ослога яқин энг йирик аэропортни ҳам ёпишга қарор қилинган.

Об-ҳаво мутахассисларига кўра, вулқон кулидан иборат булутлар бир неча кун мобайнида тарқалиб кетиши керак.

Эйяфяллайекюл музлигидаги вулқон илк марта 1821 йилда уйғонган.

Мутахассислар вулқон катта ҳудуддаги муз эриши ва атрофдаги сув сатҳи кўпайишидан огоҳлантирганлар.

Вулқон жонланганидан кейин атрофдаги дарёлар сатҳи кўтарилган.