Россия расмийлари мамлакатда ирқчилик кучайиб бораётганини тан олишмоқда

Тақирбошлар
Image caption Россия расмийларига кўра, ирқий адоватга асосланган жиноятлар сўнгги беш йилда тўрт бараварга кучайган

Россияда кучайиб бораётган ирқчилик ҳужумлари Кремль расмийларини ташвишга солган кўринади.

Россия Бош прокуратурасининг тергов қўмитаси маълумотига кўра, сўнгги беш йил ичида миллий нафрат асосидаги жиноятлар тўрт бараварга кўпайган.

Бош прокуратура тергов қўмитаси раҳбарининг муовини Василий Пискарёвга кўра, 2009 йилда мамлакат бўйлаб 500 дан ортиқ ирқчилик асосидаги жиноятлар қайд этилган.

Айни вактда ҳуқуқ ҳимоячилари фикрларича, миллий нафрат асосидаги жиноятлар кўлами, расмийлар келтираётган рақамлардан бир неча бараравар кўп.

Уларга кўра, ирқчилик асосидаги жиноятларнинг кўпи милиция қайдига тушмайди.

Россия ҳукуматига қарашли “Российская газета” рўзномасига берган интервьюда Россия Бош прокуратураси тергов қўмитаси раҳбарининнг муовини Василий Пискарёв ирқчилик кўлами ўта юқори даражага кўтарилганини очиқ тан олган.

Василий Пискарёвга кўра, миллатчилик асосидаги жиноятларни асосан экстремистик йўналишдаги ташкилотлар аъзолари содир этишади ва уларнинг аксари балоғатга етмаган ёшлардан иборат.

Унинг илов қилишича, ушбу ташкилотлар ўз жиноий фаолиятларини амалга оширишда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишади.

"Бугунги кунда Россияда миллий нафрат тарқатувчи 500 дан ортиқ интернет веб сайтлари мавжуд," дейди Василий Пискарёв.

Россия юқори мулозимининг қўшимча қилишича, Москвадан тортиб Томск ва Тюменьга қадар вилоятларда миллатчи ва тақирбош ташкилотларнинг ўнларча аъзолари қўлга олинган ва маҳкамга тортилган.

Славян қиёфасига мос бўлмаганларни ўлдириш, калтаклаш, мусулмон ва яҳудийлар қабристонларини вайрон этиш тақирбошлар томонидан содир этиладиган жиноятлар жумласига киради.

Ўз навбатда Москвадаги ирқчилик муаммосини ўрганувчи "Сова" тадқиқот маркази раҳбарининг муовини Галина Кожевникова фикрича, охирги вақтларда Россияда миллатчилик жиноятлари бир оз камайганини кузатиш мукин.

"Афсуски, ирқчилик муаммоси жуда мураккаб. Бу муаммони фақат ҳибсга олиш ва қама-қамалар билан ечиб бўлмайди. Аммо, шунга қармасдан, ҳокимият кўраётган айрим чоралар натижа бераётганини кузатишимиз мукин. Мисол учун, Москвада меҳнат муҳожирлари ва хорижликларга нисбатан ҳужумлар, олдинги йилларга қараганда бир оз камайди. Яқинда Москва ва Санкт-петербургада фаол бўлган миллатчи ташкилотлар лидерлари ҳибсга олинди. Лекин Россиянинг бошқа минтақаларидаги миллатчи гуруҳларга ҳам қарши кураш олиб борилмоқда, деб айтиш қийин," дейди Галина Кожевникова.

"Сова" тадқиқот маркази экспертининг фикрича, Россия ҳокимияти жамиатда бағрикенглик кенг ташвиқ этишга жиддий аҳаммият қаратиши лозим. "Муаммо шундаки, миллатчи неофашистик гуруҳлар бўшлиқда яшашмайди. Улар жамиятдаги, Россия фуқаролари орасидаги кучли ирқчилик кайфиатига суянишади. Токи Россия жамиатида ўта юқори бўлган ксенофобия, яъни миллатчилик кайфияти даражаси пасайтирилмас экан, бундай фашистик ташкилотлар йўқолмайди, улар содир этаётган жиноятлар кўлами ҳам пасаймайди. Бундан ташқари Россия ҳокимият тизимларидаги миллатчилик кайфиятининг ўта юқорилиги ҳам ксенофобия йўлидаги асосий тўсиқ деб ўйлайман," дейди Галина Кожевниква.

Айни вақтда кузатувчилар ўтган ой Москва метросида юз берган портлашлардан сўнг, муҳожирларга нисбатан "олақараш" кайфиятлари кучайганига ишора этишади.