Оврўпода ҳаво қатновлари тикланди, бироқ тўлиқ эмас

Аэропортдан кўтарилаётган учоқ

Исландиядаги вулқон кулидан иборат булутлар Оврўпо бўйлаб парвозларни беш кун тўхтатиб қўйганидан кейин айрим Оврўпо мамлакатларида ҳаво қатновлари қайта тикланган.

Душанба куни Ҳолландиядаги Шхипол аэропортидан биринчи учоқ парвоз қилган.

Сешанба куни эрталабдан Скандинавия мамлакатлари, Олмония, Швейцария, Франция ва Испаниядаги авиаширкатлар учоқлари ҳавога кўтарилган.

Италиядаги айрим аэропортлар очилган.

Бироқ ҳамон кўп парвозлар бекор қилинган.

Британиядаги ҳаво қатновларини назорат қилиш идораси Шотландия, Шимолий Ирландия ва Англия шимолидаги аэропортларда парвозларга рухсат берган.

Бироқ Лондондаги аэропортлар ёпиқлигича қолмоқда.

British Airways авиаширкати маҳаллий вақт билан соат 18 да Лондондаги асосий аэропортлардан учишни бошлашни режалаштирган эди, об-ҳаво мутахассислари Исландиядаги вулқондан яна кул ва қумдан иборат булут келиши эҳтимолидан бохабар этганларидан кейин "осмон очилиши" ҳақидаги хабарни кутишга қарор қилинган.

Оврўпо транспорт вазирлари учрашувидан кейин Оврўпо осмонини уч ҳудудга бўлишга қарор қилинган.

Оврўпо ҳаво қатновини назорат қиладиган Eurocontrol ҳудудида парвозлар тўла тақиқланган.

Бир ҳудудда учоқларнинг учиб ўтишига рухсат берилган, яна бирида эса парвозлар қисман тақиқланган.

Йўловчиларни учоқда ташиш билан шуғулланадиган авиасаноат вакилларига кўра, беш кунлик парвозлар тўхташи оқибатида ўзлари бир миллиард доллардан ошиб кетган.

Оврўпо мамлакатлари билан деярли бутун дунё ҳаво қатновлари тўхтади, кўплаб йўловчилар аро йўлда қолиб кетдилар.

Манзилига ета олмаётган инсонлар учун қўшимча автобуслар ёки поез қатновларини ташкил этишга қарор қилинди, Британия Испанияда қолиб кетган ўз фуқароларини олиб келиш учун ҳарбий кемаларини ишга солди.

Оврўпо транспорт мулозимлари бу каби ҳолатларда мамлакатлар ўртасида кўпроқ мувофиқлаштирув зарурлигини урғулаганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ