Халқаро Олимпия қўмитаси cобиқ президенти оламдан ўтди

Хуан Антонио Самаранч
Image caption Хуан Антонио Самаранч 89 ёшда бўлган

Халқаро Олимпия қўмитасининг собиқ президенти Хуан Антонио Самаранч Испаниядаги касалхонада вафот этган. У саксон тўққиз ёшда эди.

Жаноб Самаранч ҳафтанинг дам олиш кунлари Барселонадаги Куирон шифохонасига ётқизилган.

Хуан Антонио Самаранч Олимпия қўмитасига 1980 йилдан 2001 йилгача раҳбарлик қилган пайти спортдаги энг қудратли шахс саналган.

У деярли касод ёқасида бўлган ташкилотни кўп миллион долларлик тижорий ширкатга айлантирганди.

Халқаро Олимпия қўмитасининг жорий президенти Жак Рогге Самаранч жаноблари хотирасига ҳурмат бажо келтирган.

"Олимпия оиласининг қанчалар қайғуда эканини ифодалашга сўз тополмайман. Шахсан ўзим замонавий давр Олимпия Ўйинларини барпо этган, мени илҳомлантирган ва спорт бўйича фавқулодда билим соҳиби бўлган инсоннинг ўлимидан қайғуга тушдим", деб айтган Жак Рогге. "Ўзининг нодир таланти билан Самаранч Олимпия Ҳаракатининг қудратли ва ягона мухандиси эди. Мен унинг мисли кўрилмаган ютуқлари ва меросига тахсин айтаман ва унинг Олимпия Ҳаракати ҳамда қадриятларига садоқатини олқишлай оламан холос. Биз буюк инсон, мураббий ва дўстни йўқотдик..." Самаранч жаноблари шифохонага якшанба куни юрак муаммоси билан олиб келинган. Яқин йиллар асносида унинг соғлиғи яхши бўлмаган, аммо Халқаро Олимпия қўмитасининг дунё бўйлаб кечадиган йиғинларига иштирокини канда қилмаган.

Феврал ойида у Канаданинг Ванкувер шаҳрида ўтган Қишки Олимпида Ўйинларида ёрдамчиси кўмагида иштирок этганди.