НАТО Афғонистондан чиқиб кетиш масаласини мубоҳаса этмоқда

Афғонистондаги НАТО кучлари
Image caption Афғонистонда 90 мингга яқин НАТО етакчилигидаги кучлар жойлаштирилган

Эстония пойтахти Таллинда ўтаётган йиғинда НАТО ташқи ишлар вазирлари Афғонистондаги масъулиятни у ердаги ҳукуматга қачон ва қай йўсин топшириш йўлларини кўриб чиқишади.

Йиғинда вазирлар ва Афғонистондаги коалиция ҳамкорлари иштирок этишмоқда.

Афғонистонда 40 мамлакатдан 90 мингга яқин НАТО етакчилигидаги кучлар жойлаштирилган.

Иттифоқ стратегияси асосида масъулиятни афғон ҳукуматига тўла топшириш учун шарт-шароитлар яратиш ётади.

Би-би-сининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича мухбири Ник Чайлдсга кўра, вазирлар ҳозир хавфсизлик, бошқарув ва тараққиёт масалалари бўйича кўрсатмаларни маъқуллашлари кутилмоқда.

'Афғонистонда қанча лозим бўлса, шунча пайт қолинади'

НАТОдаги манбаларнинг айтишларича, мазкур режага кўра, Афғонистон ҳукуматининг мамлакатда қонун ва тартибни таъминлашга ва афғон хавфсизлик кучлари ўз зиммаларига юкланадиган мажбуриятларини бажаришга қанчалар қодир эканларига ишонч ҳосил қилиниши ҳамда бунинг учун шарт-шароитлар ҳозирланиши керак.

"Бу борадаги вақт жадвали қандай бўлиши эса, бошқа бир масала", дейди мухбиримиз.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен жараён календар эмас, мамлакатдаги шароитлар асосида боришини таъкидлайди.

"Биз барқарор ва хавфсиз Афғонистонни истаймиз. Шундай Афғонистонки, у ортиқ ўз минтақаси ва дунёнинг қолган бурчакларига таҳдид бўлмасин", деб айтган жаноб Расмуссен Таллиндаги икки кунлик йиғин олди гапираркан.

"Биз Афғонистонда кўзланган мақсадга эришиш учун қанча вақт керак бўлса, шунча пайтгача қоламиз. Биз афғонларга имкониятлар яратишда давом этишни хоҳлаймиз. Ва шароитлар изн берадиган бўлса, босқичма-босқич ўз мамлакатлари хавфсизлигига масъулликни топшира борамиз", дейди у.

Ҳафта бошларида Расмуссен жаноблари Афғонистонда ҳарбийлар ва полиция ходимларини тайёрловдан ўтказиш учун яна 450 нафар мутахассисга эҳтиёж борлигини айтганди.

АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтоннинг ёрдамчилари унинг иттифоққа аъзо давлатлардан зарурий мутахассисларни етказиб беришни сўраб мурожаат қилмоқчи эканини билдиришган.