Россияда уруғ-аймоқчилик кимга фойда келтиради?

Image caption Владимир Путин президентликка сайланганида ўз атрофига КГБдаги собиқ ҳамкасбларини тўплагани танқид қилинган

Уруғ-аймоқчилик асосан икки ҳил талқин этилади. Биринчидан у қабилачиликнинг замонавий жамият ва давлат бошқарувидаги кўриниши деб аталса, иккинчидан бир гуруҳ бюрократларнинг таниш-билишчилик асосида бирлашгани назарда тутилади.

Россия марказий ҳокимиятида қариндош-уруғчилик ҳакида сўз кетганда, энг аввало, Россия бош вазирининг муовини Виктор Зубков ва унинг куёви Россия мудофа вазири Анатолий Сердюков номлари тилга олинади.

Аммо, Сердюков ва Зубковлар Россия ҳукуматида якка эмаслар. Россия соғлиқни сақлаш вазири Татьяна Голикова ва Россия саноат ва энергетика вазири Виктор Христенко - эр ва хотин.

Расмийлар яқин қариндошларнинг бир ҳукуматда ишлаётганларини уларнинг профессионал фазилати билан тушунтиришади.

Айрим Кремль сиёсатчилари қариндошчилик 90-йилларда кучайгани, аммо Владимир Путин қудратга келгач ушбу иллат деярли йўқотилганини айтишади.

Москвалик сиёсатшунос, профессор Акдас Бургасовга кўра эса, Россияда жўрабозлик ҳар доим мавжуд бўлган ва ҳозир ҳам давом этаяпти.

Унинг айтишича, Путин жаноблари ҳукуматга келгач, ўз атрофига Санкт-Петербургда бирга ишлаган собиқ КГБ жосусларини тўплаган.

Татаристонда эса, матбуотда кўп марта хабар қилинганидек, собиқ президент Минтемир Шаймиев ўғиллари катта хусусий ширкатларга эгалик қилишган, Бошқортистон президенти Муртазо Раҳимов ҳам ҳудди шундай йўл тутган.

Image caption Москва ҳокими Юрий Лужков қурилиш соҳасидаги барча шартномаларни ўз миллиардер рафиқасига беришда айбланиб келади

Москвадаги "Индем" номли сиёсий жамғарма раҳбари Юрий Коргунюкнинг фикрича, уруғ-аймоқчилик коррупция билан чамбарчас боғлиқдир.

"Қабилачиликни ривожланган фуқаровий жамиятга, давлат ҳокимиятига кўчириш давлатчилик тизимини вайрон этади. Бу давлат механизмининг фаолият кўрсатишига тўсиқ бўлади. Натижада давлатчилик механизми бутун жамиятга эмас, муайян бир қавм учун хизмат қилади. Уруғ-аймоқчилик аслида коррупциянинг бир кўриниши деб айтиш мумкин," - дейди Юрий Коргунюк.

Россия ҳокимияти эса асосан Шимолий Қофқозда уруғ-аймоқчилик чуқур илдиз отганини тан олади.

Яқинда ўз чиқишларининг бирида Президент Дмитрий Медведев бу муаммони ечишга жиддий аҳамият беришини урғулади.

"Очиқ тан олишимиз лозим, Шимолий Қофқоз республикаларида коррупция, зўравонлик, уруғ-аймоқчилик мисли кўрилмаган даражага етган," - деб айтди Президент Медведев.

Таҳлилчилар Шимолий Қофқозда уруғ-аймоқчилик асрлар давомида ҳукм суриб келгани ва уни бартараф этиш деярли имконсиз эканлигини таъкидлашади.

Ингушетия Президенти Юнусбек Евкуров ўз чиқишларининг бирида республикада қариндошчиликка қарши курашиш эмас, балки уни нормал йўналишга буриш ва яхши томонларидан фойдаланиш лозимлигини таъкидлаганди.

Профессор Акдас Бургасовнинг фиркича, Чеченистонда, умуман Шимолий Қофқозда Кремль қавмлар билан музокара қилибгина уларни енгиши мумкин, аммо айни дамда хусусий мулкнинг бари қавмлар қўлида тўпланиб қолишига йўл қўймаслиги керак.

Айни дамда, айтиш жоизки, уруғ-аймоқчилик ва таниш-билишчилик фақат Россияга хос иллат эмас, у ҳатто ўта ривожланган Ғарб давлатларида ҳам мавжуд.

Бироқ, Москвадаги амалий сиёсат институтининг раҳбари Ольга Криштановскаянинг фикрича, Ғарбда бу бошқача кўриниш касб этади.

"Демократия анча олдин пайдо бўлган Ғарб жамиятида аристократ, яъни оқсуяклар кланлари бўлган. Россиядан фарқли ўлароқ Ғарб жамиятидаги сиёсий тизим шундай барпо этилганки, уруғ-аймоқчилик сайловларда ғалаба келтирмайди. Лекин шунга қарамай, Кеннеди ва Бушлар каби оқсуяк сулолалар катта сиёсат ва бизнесда ҳозиргача фаолият кўрсатишмоқда. Россияда шўролар тизими собиқ ҳокимият механизмини, яъни оқсуякларни яксон этди. Ҳозирги пайтда Россияда яна янги оқсуяклар пайдо бўлмоқда ва Ғарбдаги каби қариндош-уруғчилик тизимини тиклаш уриниши юз бермоқда," - дейди Ольга Криштановская.