Деҳли ва Кобул жангариларга қарши биргаликда курашиш ниятида

Карзай ва Синкх
Image caption Ҳиндистон ва Афғонистон ўртасидаги муносбатлар доимо илиқ бўлиб келган

Ҳиндистон ва Афғонистон минтақадаги жангарилар зўравонлигига қарши халқаро ҳамжамият билан бирга ишлашга келишиб олганлар.

Афғонистон президенти Ҳомид Карзай Деҳлига келган ва Бош вазир Манмоҳан Синкх билан музокаралар олиб борган.

Ҳиндистон Карзай жаноблари ҳукуматининг асосий иттифоқчиларидан бири ҳисобланади.

Аммо ББС мухбири Санжой Мажумдернинг хабар қилишича, Деҳли Кобулнинг мўътадил толиблар билан мулоқот ҳаракатларидан ташвишдадир.

2001 йил Толибон тузуми қулатилганидан бери Ҳиндистон Афғонистонга бир миллиард долларлик ёрдам етказди.

Ушбу ёрдам асосан йўллар, мактаблар, касалхона ва электр қуввати бўйича лойиҳаларга сарфланиши кўзда тутилганди.

Аммо, Афғонистонда қўшинларига эга бўлмаса-да, Ҳиндистон мавқеълари тез-тез нишонга олинади.

Ҳинд элчихонаси икки бор бомба ҳужумига тутилди ва феврал ойи кўпинча ҳиндистонликлар фойдаланадиган меҳмонхоналардан бирига ҳужум тўққиз ҳинд фуқаросининг ўлимига сабаб бўлди.

Деҳли ҳар икки ҳужумда ҳам "Покистондаги гуруҳлар дастаклаган Толибон ва ал Қоида жангарилари"ни айблаб чиқди.

Мўътадил толиблар билан мулоқотни йўлга қўйиш ҳаракатлари Ҳиндистонни борган сари кўпроқ ташвишга солмоқда.

Ҳиндистон Бош вазири Манмоҳан Синкх билан музокаралар чоғи Президент Ҳомид Карзай Афғонистонда ишлаб фаолият олиб бораётган 4 мингга яқин ҳиндистонликлар хавфсизлигини таъминлаш йўлида зарурий қадамларни қўйишга ваъда берди.

Ўз ўрнида Синкх жаноблари Афғонистонга кўмаклашиш йўлида қатъий эканлари ва бу ишни давом эттаражакларини билдирди.

Аммо, Ҳиндистоннинг ушбу саъй-ҳаракатларига Покистон шубҳа билан қарайди ва Деҳли уларнинг Афғонистондаги манфаатларига қарши амал қилмоқда деб кўради, дейди Би-би-си мухбири