Тўкилган нефт Американинг Мексика кўрфази бўйлаб тарқалмоқда

Бурғилаш дастгоҳи портлаши оқибатида 11 киши ҳалок бўлгани тахмин этилади
Image caption Бурғилаш дастгоҳи портлаши оқибатида 11 киши ҳалок бўлгани тахмин этилади

АҚШнинг Мексика кўрфазидаги қирғоқларини баҳайбат нефт доғлари қопламоқда. Нефт бурғилаш ускунаси портлаб чўкиши ортидан шикастланган сувости қудуғидан сизиб чиқмоқда. Нефт тарқалишининг олдини олиш ишларига Қўшма штатлар армиясининг 6 минг нафар аскари жалб қилинган.

Мухбиримиз Жак Айззардга кўра, бу Американинг яқин тарихидаги энг даҳшатли табиий офат бўлиши мумкин.

"Камалак ранги билан бўялган бармоқларга ўхшаш нефтнинг биринчи ирмоқлари Миссисипи делтасига етиб келган. Уларнинг ортидан қуюқроқ нефт доғлари тарқалмоқда", дея хабар қилади мухбиримиз.

Deepwater Horizon номли бурғилаш дастгоҳи портлаб чўкканига бир ҳафта бўлди.

Унда 11 ишчи халок бўлгани ишонилади. Аммо, бу инсоний талофот энди табиий офатга айланмоқда. Американинг Мексика кўрфази соҳиллари юзлаб турли-туман балиқлар ва қушларга ватан ҳисобланади. Луизиана штати балиқчилари уюшмаси раҳбари Жорж Баришич вазият абгорлашишидан хавотирда.

"Нефт сирқиб чиқиши биз кутгандан анча ёмон кечмоқда. Кунига 5000 минг баррел нефт денгизга тўкилаяпти. Бурғалаш устунасини ишлатган ва барбод қилган "БиПи" ширкати тешилган сувости қудуғини ямай олмаяпти. АҚШ қирғоқ қўриқчилари нефтнинг баъзи қисмини ёқишга уринди, нефтнинг тарқалишини тўхтатиш учун иш олиб борилмоқда", дейди у.

Луизина штатининг бу қирғоғини Катрина довули ўз гирдобига олганига ҳали беш йил бўлгани йўқ.