Мумбай ҳужумчиси айбдор деб топилди

Image caption Муҳаммад Ажмал Амир Қасаб ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин

Ҳиндистонда маҳкама 2008 йил ноябрида Мумбай шаҳрида амалга оширилган қатор ҳужумларда омон қолган ягона ҳужумчини саккизта айблов, жумладан Ҳиндистонга қарши уруш очишда айбдор деб топган.

Покистонлик 22 ёшар Муҳаммад Ажмал Амир Қасаб иштирок этган ҳужумлар 174 инсонни нобуд қилган ва Ҳиндистон ва Покистон орасидаги алоқаларни қаттиқ совутган.

Ҳиндистон ички ишлар вазири маҳкама қарори Покистонга "Ҳиндистонга терроризмни эскпорт қилмаслик" йўлида ишора беришини айтди.

Ҳиндистон Мумбай ҳужумларида Покистонда жойлашган Лашкари Тойиба жангари гуруҳини айблайди.

Бир қатор раддиялар ортидан Покистон алалоқибат жаноб Қасаб ўзининг фуқароси экани ва ҳужумлар қисман ўз ҳудудида тайёрланганини тан олган.

Қуролли ҳужумчиларга ёрдам беришда айбланган икки ҳинд фуқароси - Фаҳим Ансорий ва Сабоҳиддин Аҳмад - Мумбай маҳкамаси томонидан оқланганлар.

Қораловчилар Муҳаммад Ажмал Амир Қасабга ўлим жазоси берилишини сўрашмоқда. Бош ҳакам қораловчилар даъволарини сешанба куни давом этадиган маҳкама ишида тинглайди.

Мумбайда 271 кун давом этган маҳкама ишида намойиш қилинган видео лавҳа Қасоб ва шеригининг Мумбайнинг энг одамларга гавжум поезд бекатларидан бирида одамларга қарата ўт очаётганини кўрсатган.

Ўтган июль ойида Қасоб аввало ўзига қўйилган айбловларни рад қилди, бироқ кейинги кўринишларида драматик тарзда айбларни бўйнига олиб, уни осишларини сўраган.

Кейинроқ у бу илтимосидан қайтди, айтишича, уни ҳинд полицияси қийнаб бунга мажбур қилган.

Ўтган йил охирида Покистон полицияси Мумбай ҳужумларига алоқаси бор дея етти кишини ҳибсга олган, улар орасида Лашкари Тойибанинг раҳбари экани ишонилган Закий ур Раҳмон Лаҳвий ҳам бор.