Юнонистон иш ташлашлар туфайли фалаж ҳолатида

Image caption Юнонистонда ишчилар киритилажак чекловлардан норози

Юнонистон давлат сектори ишчиларидан ўн минглаб кишилар иқтисодий чеклов чораларига қарши норозилик билдириш учун кўчаларга чиқдилар.

Ўтган тунда Юнонистонга парвозлар тўхтатилган, чоршанба куни эрта билан поезд ва кема қатновлари тўхтади.

Бугун кун давомида мактаб, шифохона ва давлат оффислари ёпиқ қолиши айтилган.

Молиявий муаммоларга юз тутган Юнонистонга Халқаро Валюта Жамғармаси бир неча миллиардлик ёрдам ваъда берган.

Оврўпо Иттифоқига аъзо давлатлар ҳам ёрдам ваъда қилиб, эвазига қатъий иқтисодий чекловлар киритилишини талаб қилганлар.

Бу чекловлар давлат сектори ишчилари учун маошларнинг оширилмаслиги, нафақа ёшининг кечиктирилиши каби чорларни ўз ичига олади.

Ҳозирда кўплаб оддий юнонлар мамлакатларининг касодга учрашининг олдини олиш учун ўз шахсий чўнтакларидан қанча пул беришлари кераклигини сарҳисоб қилишларига тўғри келмоқда.

Кўплар ўзларини уларнинг айби бўлмаган хато учун жазоланаётгандек ҳис қилмоқдалар.

Ўн минглаб нафақа ёшига етай деб қолган кишилар парламент янги чоралрни маъқуллаб овоз беришидан аввал ишдан кетиш аризаларини топширмоқдалар, чунки нафақа ёшидагилар учун бериладиган мукофот пулидан бебаҳра қолишни истамайдилар.

Ҳукумат таълим-тарбия, мудофаа, полиция ва соғлиқни сақлаш соҳалари ишчиларига нафақага чиқишга шошмасликларини сўраб мурожаат қилди.

Чунки уларга берилиши керак бўлган пул туфайли шундоқ ҳам бўшаб қолган давлат ғазнасига янада кўпроқ зарар етишидан хавфсирамоқда.

Юнонистон парламенти чекловлар борасида овоз бериши кутилаётган экан иш ташловчиларнинг асосий мақсади халқ вакилларини маъқуллаб овоз беришдан тўхтатиб қолиш.

Тақдир истеҳзоси шундаки, норози намойишчиларга қарши туриши ерак бўлган полиция ходимларининг ўзлари ҳам чекловларга юз тутадиганлардан.

Юнонистон ҳукумати келгуси уч йил мобайнида 300 миллиард евро иқтисод қилишни режаламоқда.

Ҳозирда Юнонистоннинг бюджет дефецити ялпи ички маҳсулотнинг 13.6 фоизини ташкил қилади.