Покистонда олмониялик таниқли мужоҳид 'ўлдирилган'

Image caption Олмония расмийлари олмонлар орасидан исломий жангариларнинг етишиб чиқаётганидан хавотирда

Олмония хавфсизлик хизматлари нуфузли олмон мужоҳиди Покистоннинг Вазиристон минтақасида ўлдирилган, деган хабарни текширмоқда.

Ўзини Абдул Ғаффор Олмоний деб атаган Эрик Брайнингер охирги икки йил давомида Исломий Жиҳод Иттифоқининг ташвиқот видеоларида чиқишлар қилиб келган.

Исломий Жиҳод Иттифоқи афғон-покистон чегарасида фаол бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидан ажралиб чиққан гуруҳ экани айтилади.

Эрик Брайнингернинг мақсади ташкилот учун янги жангариларни ёллаш бўлган.

Олмон расмийлари ҳозирда Вазиристонда ўнлаб оврўполик жангарилар амал қилади, деб ишонишади.

Эрик Брайнингернинг халок бўлгани ҳақидаги хабарни Афғонистондаги Толибон қўмондонлиги остида экани айтиладиган Тойифат-ул Мансур гуруҳи тарқатган.

Олмон махсус хизматлари ва матбуоти кўрган баёнотда гуруҳ Брайнингернинг Мир Али шаҳри яқинидаги жангларда шаҳид бўлганини даъво қилган.

Брайнингер Афғонистон-Покистон чегарасида амал қилаётган олмон мужоҳидларининг энг таниқли намояндаси эди.

У Исломий Жиҳод Иттифоқи томонидан тарқатилган видео лавҳаларда бот-бот пайдо бўлиб турган.

Ушбу лавҳаларда олмониялик жиҳодчи ўз ватандошларини мужоҳидлар сафига қўшилишга даъват қилади.

Расмийлар Олмониядан бир неча ўн кишининг афғон-покистон чегарасидаги жангарилар сафига қўшилганидан хавотир изҳор қилганлар.

Улар шунингдек, Брайнингер қайтиб келиб, Олмонияни нишонга олиши мумкинлигидан ташвиш билдиришган.

Таржимаи ҳол

Ҳозирда расмийлар интернетда пайдо бўлган ва Брайнингернинг таржимаи ҳоли экани айтилган яна бир ҳужжатни синчиклаб ўрганишмоқда.

Ҳозиргача матннинг ҳаққонийлиги тасдиқланмаган.

Аммо Олмониянинг етакчи Der Spiegel журналининг ёзишича, агар таржимаи ҳол ҳақиқатан ҳам Брайнингернинг ўзи томонидан ёзилган бўлса, радикаллашган мусулмонларнинг аҳволи руҳияси ҳақида қизиқарли маълумот бериши мумкин.

"Бу ўзини ягона тўғри йўлда деб билган радикалнинг хос дунёсига назар ташлаш имконини беради", деб ёзади Der Spiegel.

Брайнингернинг ўлимидан бир неча кун олдин ёзиб битирилгани айтилаётган матн олмониялик оддий ўсмирнинг қандай қилиб жанг қилишга шай мужоҳидга айланишини тасвирлайди.

Таржимаи ҳол Исломий Жиҳоднинг тайёргарлик жамлоғидан яқинда юзага чиққан Олмон Толибон Мужоҳидлари номли гуруҳга қадар босиб ўтилган йўлни ўз ичига олади.

Аммо Брайнингер ҳикоясининг ҳаққонийлиги тасдиқлангани тақдирдагина бу Олмония расмийларига олмон жангари мужоҳидларининг дунёсини кашф этишга ёрдам бериши мумкин.