Буюк Британияликлар умумий сайловларда овоз беришмоқда

Сайловда беллашаётган уч йирик партия раҳбарлари - лейбористлардан Гордон Браун, консерваторлардан Дэвид Камерун ва либерал-демократлардан Ник Клегг ҳам овоз беришган
Image caption Лейбористлардан Гордон Браун, консерваторлардан Дэвид Камерун ва либерал-демократлардан Ник Клегг ҳам овоз беришган

Буюк Британия бўйлаб миллионлаб одамлар умумий сайловларда овоз беришмоқда.

Мамлакатда овоз бериш шаҳобчалари маҳаллий вақт билан эрталабки соат 7да очилган, сайловчилар соат 22:00гача сайловда иштирок этишлари мумкин.

Британия бўйлаб 44 миллион киши сайловда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган.

Сайловда беллашаётган уч йирик партия раҳбарлари - лейбористлардан Гордон Браун, консерваторлардан Дэвид Камерун ва либерал-демократлардан Ник Клегг ҳам овоз беришган.

Деярли барча оммавий сўровларда илгари кетаётган Консерваторлар раҳбари Девид Камерон партия раҳбарлари орасида биринчи бўлиб, ҳомиладор рафиқаси Саманта билан соат эрталабги 10:30да Оксфорд шаҳри яқинидаги Уитни шаҳарчасидаги сайлов участкасига борган.

Лейбористлар раҳбари Гордон Браун Шимолий Куенсферридаги жамоа марказида соат 11ларда овоз берган. Унга ҳам рафиқаси Сара ҳамроҳлик қилган.

Image caption Сайловлар мамлакат бўйлаб 649 сайлов округида бўлиб ўтмоқда

Бироздан сўнг Либерал-Демократлар лидери Ник Клегг Шеффиелд Ҳалламдаги овоз бериш шаҳобчасига борган. Унинг рафиқаси Испания фуқароси бўлганлиги учун сайловда овоз бера олмаган.

Вестминстер учун парламент аъзолари сайлаш билан бир қаторда сайловчилар Англия бўйлаб маҳаллий кенгашларга 164 нафар маслаҳатчини ҳам танлайдилар.

Умумий сайловларга овоз бериш жараёни 649та сайлов округида кечмоқда. Жараёнда мамлакат бўйлаб 4, 150 номзод беллашмоқда.

Тирск ва Малтон сайлов округида овоз бериш жараёни 27 майга қолдирилган. Бунга сайловолди тарғиботлари давомида номзодлардан бирининг ҳаётдан кўз юмгани сабаб бўлган.

Аксар сайлов округларида овозлар туни билан санаб чиқилади. Аммо, 20га яқин сайлов округида мазкур жараён жума куни эрталаб соат 9гача бошланмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ