Туркияда илк нудист меҳмонхона беркитилди

Денгиз бўйи шаҳри
Image caption Туркия туризмдан ҳар йили ўнлаб миллиард доллар даромад кўради

Туркиядаги илк нудист меҳмонхона очилишидан бор-йўғи олти кун ўтиб, қайта беркитилди.

Мармарис шаҳри расмийлари мусулмон дунёсидаги илк нудист меҳмонхонани ёпиш қарорига унинг лойиҳага мос равишда қурилмаганини сабаб қилиб кўрсатишган.

Аммо меҳмохона эгаси уни қайта очиш ҳаракатларини тўхтатмаслигини айтган.

Ишбилармон Аҳмед Косшер 64 хонали нудист меҳмонхонани барпо этиб, хорижий муштарийлар сонини оширишга умид қилганди.

Аҳмед Косшернинг айтишича, унга тегишли бошқа меҳмонхоналарга келган кўплаб муштарийлар яланғоч юриш ва ҳордиқ чиқариш имконини берувчи меҳмонхоналарда туриш истагини билдиришган.

Унинг илова қилишича, маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам агар меҳмонхона жамоатчилик нигоҳига тушмайдиган жойда барпо этилса, эътирозлари йўқлигини айтишган.

Туркия фуқароларига бундай меҳмонхоналарда туриш изни берилмаган ва меҳмонхона ходимлари тўлиқ либосда бўлишлари шарт эди.

Бироқ маҳаллий ҳокимиятда бошқа эътирозлар пайдо бўлди.

Меҳмонхона фаолиятини текшираркан ҳокимият нозирлари меҳмонхона балконларидан бири меъморлик лойиҳасига тўғри келмаслигини аниқлашди ва меҳмонхонани беркитиш ҳақида қарор олишди.

Бироқ меҳмонхона эгаси ҳокимиятдан бошқа ҳеч ким шикоят қилмаганини айтади.

Мармарис шаҳрига ҳар йили ўн минглаб хорижий сайёҳлар келишади.