Британия сайловлари натижалари эълон қилинди

Консерваторлар раҳбари Девид Камерон
Image caption Консерваторлар раҳбари Девид Камерон Либерал-демократларга яхши ишлаб чиқилган таклифни йўллаётганини билдирди.

Британия парламент сайловларидаги жами овозлар ҳисоблаб чиқилганда Консерваторлар қудратдаги Лейбористлар устидан ғалаба қозонди, бироқ ягона партиядан иборат ҳукумат тузиш учун етарли овоз тўплолмади.

Консерваторлар лидери Девид Камерон Либерал-демократларга коалицион ҳукумат барпо этишни таклиф қилди.

Бу йил Британ парламентидаги жойларни 650 та қилишга қарор берилган.

Овозлар тўла санаб чиқилганда, Консерваторлар энг кўп, 306 ўринни эгаллай олишди, Лейбористлар 258, Либерал-демократлар эса 57 та ўринни эгаллашди.

Аммо ҳеч бир партия мутлақ ғалабани англатувчи 326 ўринни эгаллай олмади.

Бу натижа осиқ парламент холатига етаклаяпти, оддий айтганда, уч партия ўртасида парламент аросатда қолаяпти.

Консерваторлар энг кўп ўринлар учун овозларни йиға олган бўлишса-да, бу уларнинг автоматик тарзда ҳукумат тузиш ҳуқуқига эга бўлишларини англатмайди.

Амалдаги бош вазир сифатида Гордон Брауннинг вазифаси - қайси партия ёки қайси партиялар иттифоқи янги парламентда аксариятни эгаллай олиши аниқ бўлгунча ҳукумат тепасида қолиш.

Сайловда учинчи ўриндаги Либерал-демократлар раҳбари Ник Клегг ҳозир ҳамманинг диққат марказида.

Унинг ким билан иттифоқ тузиши янги ҳукумат тақдирини ҳал қилиши мумкин.

Либерал-демократлар лидери ўзининг чиқишида энг кўп овоз олган партия давлатни бошқариш хуқуқига эга бўлиши керак, деб айтди.

У сайловолди кампанияси давомида ҳам бир неча бор шундай фикр билдириб келган.

Энг кўп овоз олган партия бу Консерваторлар. Демак, ўз-ўзидан жаноб Клеггнинг сўзлари у Консерваторларнинг коалиция тузиш таклифини кутаяпти, деган ишора бериши мумкин.

Даунинг-стрит қаршисида ўта тушкун бир кайфиятда чиқиш қилган Бош вазир Гордон Браун Ник Клегг аввало Консерваторлар билан музокара қилиш йўлини танлагани, аммо бу музокара иш бермаган тақдирда у Ник Клегг билан ўзаро манфаатдор бир қадамни муҳокама қилишга тайёр эканини айтди.

Энг кўп овоз йиққан Консерваторлар раҳбари Девид Камерон ҳам қисқа чиқиш қилиб, Либерал-демократлар билан қудратни бўлишиш учун уларга йирик, очиқ ва яхши ишлаб чиқилган таклифни йўллаётганини билдирди.

Агар Консерваторлар ва Либерал-Демократлар иттифоқ тузишса, улар биргаликда парламентдаги аксарият ўринларни эгаллайдилар.

Яна бошқа бир эҳтимолий натижа - Консерваторлар Либерал-Демократлар билан норасмий келишувга эришишлари мумкин, яъни бу расмий коалицияни англатмайди - фақат ҳар бир қонун лойиҳаси муҳокамасида ўзаро келишувларга эришиш зарурати туғилади.

Бу ўта мураккаб жараён бўлиб, парламентдаги ҳар бир қонун лойиҳаси муҳокамаси ўта узоқ муддатга чўзилиб кетиши мумкин.

Бундай муҳокамаларда Консерваторлар ва Либерал-демократлар иттифоқи шундай қийинчиликка юз тутиши мумкин, чунки аслида икки партия сиёсатларига қаралса, улар бир-биридан жуда фарқ қилади.

Либерал-демократлар ўзларини энг прогрессив партия, муҳожирлик ва ижтимоий тенглик тарафдори деб билишади ва бу борада анъанадор Консерваторлардан фарқ қиладилар.

Осиқ парламент юзага келиши аниқ, аммо ҳозир осиғлиқ қолаётган яна бир савол - уни ким бошқарар экан?

Бунга жавоб келгуси бир неча соат ёки келгуси бир неча кун ичида аниқ бўлиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ