Қизил майдонда Ғалаба паради бўлиб ўтди

Image caption Парадни томоша қилган МДҲ раҳбарлари орасида Ўзбекистон президенти йўқ эди

Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 65 йиллигига бағишланган ҳарбий парадда биринчи марта тўрт Нато давлатидан келган қўшинлар ҳам иштирок этган.

Британия, Франса, Польша ва АҚШ аскарлари Москванинг Қизил Майдони бўйлаб рус қўшинлари билан бир сафда қадам ташлашган.

Парадда йигирмага яқин хорижий ҳукумат ва давлат раҳбарлари, жумладан, Олмония канцлери Ангела Меркел ҳам бор эди.

Унда 10 минг рус қўшинлари, шунингдек, танклар, олис масофага учувчи ракеталар ва 127 та ҳарбий учоқ олиб ўтилган.

Би-би-сининг Москвадаги мухбирига кўра, бу Иккинчи жаҳон урушидан буён Россия ҳарбий қудратининг энг йирик намойиши эди.

Россия Президенти Дмитрий Медведев ўз нутқида Иккинчи жаҳон урушининг хотиралари "бизларни бирдамликка ундаши"ни айтди.

"Тинчлик ҳануз омонат ва урушлар бирданига бошланмаслигини ёдда тутиш бизнинг бурчимиздир... фақат биргаликдагина замонавий таҳдидларга қарши тура оламиз".

Би-би-си мухбири Ричард Галпинга кўра, бир пайтлар Совет Иттифоқининг юраги саналган Қизил майдондаги парадда хорижий аскарларнинг иштирок этиши жуда ҳам мажозий ва совуқ урушдаги рақобатнинг қанчалик ортда қолганини намойиш қилади.

Ғарбдаги иттифоқчилар Ғалаба кунини 8 майда нишонлашади, аммо Россия нацистлар Олмонияси расман таслим бўлган кун - 9 майни байрам қилади.

Британ ҳарбийлари вакили Би-би-сига парадда иштирок этаётганларидан мамнунликлари, собиқ иттифоқчилар нацистларни биргаликда енгишгани ва шунинг учун ҳам бу воқеанинг 65-санасида бирга бўлишларининг муҳимлигини айтган.

Аммо парадни томоша қилганлар орасида Британиянинг юқори мартабали вакили бўлмаган.

Ишончли манбаънинг Би-би-сига айтишича, Россия ҳукумати Шаҳзода Чарлзнинг парадда иштирок этиш таклифини рад этган, аммо нима учун рад этилгани маълум эмас.

Франса Президенти Николас Саркози ва Италия Бош вазири Силвио Берлускони Оврўпо Иттифоқининг пул бирлиги - евро атрофидаги инқироз сабаб Москвага сафарларини бекор қилишган.

Каримов парадга бормади

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Москвадаги ҳарбий парад ва МДҲ раҳбарларининг норасмий олиймақом учрашувидан четда қолган ягона Марказий Осиё раҳбари бўлган.

Ўзбекистон парадга қўшин ҳам юбормаган.

Минтақадаги Коллектив Хавфсизлик ташкилотига аъзо бошқа давлатлар ҳарбийлари - қирғиз, қозоқ ва тожик аскарлари Қизил майдондаги парадда иштирок этганлар.

Москвадаги мухбиримизга кўра, ўзбекистонликлар парадда қатнашган уруш фахрийлари орасида ҳам кўзга ташланмаган.

Тантаналарни Қизил майдондаги Матбуот марказида кузатган мухбиримиз Давлат Қудратнинг айтишича, ташкилотчилар сўнгги дақиқаларга қадар Ўзбекистон Президентининг Москвага келаётганини айтишган ва экранда унинг учоғи Тошкентдан учгани ҳақидаги қайд пайдо бўлган.

Аммо Ўзбекистон учоғи қўнган пайт, ундан Бош вазир Шавкат Мирзиёев тушиб келган.

Айни пайтда Президент Каримов якшанба куни Тошкентдаги "Хотира" майдонига ташриф буюриб, "Мотамсаро она" ҳайкали пойига гулчамбар қўйган.

Жаноб Каримов байрамнинг аҳамияти ҳақида гапириб, нима учун Москвага бормаганига ҳам изоҳ бериб ўтган.

ЎзА давлат хабар агентлиги унинг "айни шу кунда мен мен эл-юртимиз билан бирга бўлиб... бутун халқимизни ана шу сана билан табриклашни муқаддас бурчим деб биламан" деган сўзларини келтиради.