Оврўпо Иттифоқи евро пул бирлиги ва Юнонистонни молиявий ҳимоялашга келишди

Оврўпо Иттифоқи қанчага тушмасин еврони ҳимоя қилишга бел боғлаган
Image caption Оврўпо Иттифоқи қанчага тушмасин еврони ҳимоя қилишга бел боғлаган

Оврўпо Иттифоқи молия вазирлари Юнонистондаги молиявий инқироз бошқа мамлакатларга ёйилмаслигини таъминлаш учун 500 миллиард еврони ташкил этувчи механизмни ишлаб чиқишган.

Мазкур фавқулодда механизм 440 миллиард евро қарз кафолатлари ва Оврўпо Комиссияси қошидаги 60 миллиард евролик фавқулодда жамғармани ўз ичига олади.

Евро ҳудудидаги 16 давлат мазкур ёрдамлардан фойдаланиш имконига эга бўлади.

Бундан ташқари Халқаро валюта жамғармаси ҳам 250 миллиард еврогача кўмак ажратади.

Иқтисодий масалалар бўйича комиссар Олли Ренга кўра, мазкур келишув Оврўпо Иттифоқи "қанчага тушмасин еврони ҳимоя қилиши"ни кўрсатади.

Сармоядорларнинг молиявий мушкулотларга юз тутаётган Португалия ва Испания юзасидан хавотирлари кучайиб бораётган ҳамда зарурий чора-тадбирларсиз евронинг молиявий бозорларда босим остига тушиб қолиши юзасидан қўрқувлар мавжуд эди.

Мазкур хабар ортидан Узоқ Шарқда евронинг қадри кўтарилган ва 1 доллар 29 сентдан кўпроқни ташкил этган.

Осиёнинг ҳисса бозорларида ҳам ўсиш кузатилган: Япониянинг Nikkei индекси 1.3 фоиз, Ҳонг Конг Hang Seng индекси 0.8 фоизга кўтарилган.

Жума куни евро ҳудуди раҳбарлари Юнонистонга 110 миллиард евролик қарз бериш режасини маъқуллашганди. Бу режа Оврўпо Иттифоқи ва Халқаро валюта жамғармаси томонидан дастакланади.