Озарбайжон эронлик руҳоний огоҳлантиришларига эътироз билдирди

Макорим Шерозий
Image caption Макорим Шерозий Озарбайжонни масжидларни бузиб ташлаётганликда айблаганди

Озарбайжон Эрон юқори мартабали уламоларидан бирининг изоҳларини "қабул қилиб бўлмас" деб таърифлади.

Жума куни Оятуллоҳ Макорим Шерозий Озарбайжон ҳукуматини масжидларни бузиб ташлаётганликда айблаганди.

Эронлик Оятуллоҳнинг изоҳлари кескин бўлди. У Озарбайжонни масжидларни вайрон қилмаслик юзасидан огоҳлантирди ва ҳукуматни маълум диний гуруҳларни дастаклашда айблади.

Бунга жавобан Озарбайжон давлат қўмитаси икки масжид бузиб ташланганини тан олди, аммо бунга уларнинг ноқонуний қурилгани сабаблигини айтди.

Айни пайтда қўмита Эронни Озарбайжон мусулмонлари орасида бўлгинчилик қилмаслик юзасидан огоҳлантирди.

Икки қўшни мамлакат ўртасида чуқур ғоявий бўлиниш анчадан бери мавжуд, аммо расмийлар буни омма олдида иложи борича камроқ тилга олишади.

Дунёвий давлат ҳисобланган Озарбайжонда шиалар ва сунний мусулмонлар яшашади.

Ўтган йил динга оид қонунга ўзгартириш киритилган. Унда барча диндагилардан ибодат қиладиган жойларини рўйхатдан ўтказиш сўралади.

Акс ҳолда ҳар қандай ибодатхонанинг ёпилиши таъкидланган.

Мазкур қадам айрим озчилик гуруҳлар томонидан қораланган, улар ўзларини камситилган ҳис қилганларини айтишади.

.