Покистон шимоли-ғарбида 'оммавий гаровга олиш' ҳодисаси

Image caption Хуррамда пул ундириш мақсадида одам ўғирлаш ҳодисалари бот-бот содир бўлади

Покистон полицияси мамлакатнинг қабилалар яшовчи беқарор ҳудудида болалар ва аёллар дохил 60 кишининг гаровга олинганини айтган.

Полиция гарвогирларнинг жангарилар, деб гумон қилинаётганини билдирган.

Шанба куни содир бўлган гаровга олиш ҳодиса тафсилотлари ҳақида бир-бирига қарама-қарши хабарлар келмоқда.

Хуррам минтақаси марказдан узоқ ва қавмлар назоратидаги ҳудудлардан бўлгани сабабли, у жойдан аниқ ахборот олиш бир қадар мушкул.

Шанба куни Пешовар шаҳридан Хуррам минтақасининг маъмурий маркази бўлган Парачинор шаҳрига йўловчилар ҳамда юклар ортилган карвони бораётган бўлган.

Бу карвон хавфсизлик кучлари томонидан қўриқлаб борилгани айтилади.

Карвон Тур Гар деб аталадиган жойда полиция кийимини кийиб олган қуроллиларнинг ҳужумига дуч келади.

Айрим Покистон оммавий ахборот воситаларига кўра, жангарилар аввал автомобиллар ғилдиракларига ўт очиб, карвонни тўхтатишга муваффақ бўлганлар, кейин одамларни қўлга олишган.

гаровга олинганларнинг аввалроқ 60 киши экани айтилган, аммо сўнгги соатларда Покистон шимоли-ғарбидаги мулозимлар 8 кишининг қўйиб юборилгани, 7 кишининг эса ҳануз гаровда қолаётганини айтишган.

'Оммавий гаровга олиш'

"Оммавий гаровга олиш ҳодисаси" деб тасвирланган ҳодисада дастлаб 60 киши гаровга олингани, улар орасида болалар ва аёллар бўлгани маълум қилинган.

Аммо ҳозирда Покистон расмийлари жангарилар 30 кишини гаровга олган, дейишмоқда.

Ҳудудга яқин полиция мулозимлари қўлга олинганлар орасида болалар ва аёлларнинг бўлганини тасдиқлашган, бироқ ўзлари ҳам бу карвонда қанча одам борлигини айтишга қийналишларини билдирганлар.

Аммо кейинроқ полиция ушбу карвондан 57 инсон қўйиб юборилганини хабар берган.

Бирор бир гуруҳ бу ҳодиса юзасидан маъсулиятни ўз зиммасига олиб, баёнот бермаган.

Хуррам минтақаси зўравонлик авж олган ҳудудлардан ҳисобланади.

Охирги уч йилда Парачинорга Пешовардан борадиган автомобиллар Афғонистон ҳудудидан ўтиб юришга мажбур бўлган.

Қавмлар ҳудуди ҳисобланган бу жойлар ва атрофдаги вилоятлар Толибон мавқеъи кучли, деб кўрилади.

Аммо Хуррамдаги аксар аҳолини ташкил этадиган шиа мусулмон қавмлари билан суннийлар ўртасида, сунний мусулмонларни дастаклайдиган Толибон ўртасида ҳам келишмовчилик мавжуд.

Покистон ҳукумати Толибон кучларини жанубдан шимолга қараб Толибон кучларини сиқиб борар экан, Пешовар билан Хуррам ўртасидаги йўлда қатновни қайта тиклашга эришганлар, аммо Парачинорга борадиган йўловчи ёки юклар қуролланган хавфсизлик хизматлари ҳамроҳлигида ўтиб, қайтишган.

Йўл қайта очилганидан кейин Тур Гар минтақасида, мухбирларга кўра, бомба портлашлари ва уюштирилган пистирмалар оқибатида 150 йўловчи ўлдирилган, 200 дан зиёд киши жароҳатланган.

Бу жойларда оддий босқинчилик ёки пул ундириш мақсадида инсонларни гаровга олишни мақсад қилган қуролли гуруҳлар мавжудлиги айтилади.