Эрон ядро дастури бўйича янги битимга рози

Image caption Битимга эришиш йўлида Туркия ва Бразилия раҳбарлари воситачилик қилдилар

Эрон БМТ томонидан киритилажак янги жазо чораларининг олдини олиш мақсадида чала тўйинтирилган уранни Туркияга жўнатишга рози бўлди.

Теҳрон расмийларининг маълум қилишларича, Туркия ва Бразилия раҳбарлари воситичалигида эришилган бу битимга мувофиқ, Туркия жўнатилган уран эвазига Эрон ядро реакторлари учун тайёр ёқилғи олади.

Яқин кунларгача бу битимга эришиш шубҳа остида эди, лекин ўтган шанба куни Туркия Ташқа Ишлар вазирининг Теҳронга шошилинч сафаридан сўнг уччала томон ҳам ён босишларга кўндилар.

Битимга кўра, Эрон келгуси бир ой ичида 1200 килограмм чала тўйинтирилган уранни Туркияга сақлаш учун юборади ва эвазига камроқ миқдордаги тўйинтирилган уранни тиббий мақсадларда ишлатиш учун олади.

Ишонилишича, бу амаллар Эроннинг ядро бомбасига эришишини ортга суриб, кенгроқ музокаралар олиб бориш учун имкон яратади.

Исроил эришилган битимни танқид остига олиб, Эронни ўзидан БМТ жазо чорларини аритиш учун Туркия ва Бразилиядан фойдаланганликда айблади.

АҚШнинг ҳам битим ҳақидаги мавқеи шубҳага тўла бўлиши кутилмоқда.

Ўтган октябр ойида ҳам Эрон ҳудди шу каби битимга рози бўлиб, кейинчалик ўз сўзидан воз кечганди.

Ўшандан бери Эрон уранни бойитиш ишларини давом эттирди ва айтилишича, ўтган октябр ойида эга бўлган 1200 килограммдан кўра кўпроқ чала тўйинтирилган уранга эга.

Эрон Туркияга жўнатилажак уран эвазига ядро ёқилғисини шу заҳотиёқ олишга умид қилмоқда.

Аммо АҚШ бу жараён бир неча ой муддатни талаб қилишини айтмоқда.Чунки туркиянинг ўзида уранни ёқилғи даражасига қадар тўйинтирувчи ускуналар йўқ ва шунинг учун бу каби ядро ёқилғисини ишлаб чиқара оладиган учинчи мамлакатлар билан келишувга эришилиши лозим.