НАТО янги стратегияси: 'қайишқоқ ва ўзгарувчан бўлиш керак'

Image caption НАТОнинг келажак стратегиясида Афғонистондаги каби амалиётларга содиқлик қайд этилиши кераклиги айтилмоқда

АҚШ собиқ давлат котиби Мадлен Олбрайт раҳбарлиги остидаги махсус гуруҳ томонидан НАТО келажаги борасида ишлаб чиқилган тавсиялар Брюсселда тақдим этилди.

Ушбу тавсияларда айтилишича, НАТО ўзининг охирги стратегиясини ишлаб чиққанидан бери 10 йил ўтди. Бу даврда жаҳонда кўплаб ўзгаришлар рўй берди.

НАТО ҳозирда жаҳон бўйлаб кўплаб амалиётларда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ иштирок этаётганига қарамай, ташкилотлар қадриятлари аввалигига қарганда кўпчиликка нотаниш, дейилади ушбу ҳисоботда.

Тавсия этилишича, НАТО раҳбарлари жорий вазиятдан фойдаланиб, ташкилотнинг хавфсизлиик ва барқарорлик ишларига қўшаётган ҳиссасини кўрсатиб беришлари керак.

Акс ҳола кенг омма НАТОни қўлламай қўйиши хавфи бор.

Ташкилотга аъзо давлатларнинг мудофааси асосий вазифа бўлиб қолиши билан бирга, Афғонистондаги сингари амалиётларга ва жаҳоннинг бошқа нуқталаридан келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни бартараф этиш ишларига содиқлик ҳам назарда тутилиши керак.

Келажак вазиятларга мослашиш қийин вазифа бўлиши таъкидланган хулосаларда айтилишича, Россия билан ҳамкорликка катта эътибор берилиши керак.

Замонавий жаҳоннинг мушкулликлари ташкилот бирлигига рахна солиши мумкин бўлган омил сифатида келтирилган.

НАТО курашиши керак бўлган хавфлар сирасига эса террорзим хавфи, Интернет фазосидаги "ҳужумлар" шунингдек, ядро ва бошқа турдаги қурол-яроғ технологияларининг тарқаши кабилар киритилган.

Ракета ҳужумидан мудофаа эса энг асосий вазифа бўлиши кераклиги урғланган.