Россия: 'Качинский учоғи кабинасида бегоналар бўлган'

Ҳалокатга учраган учоқ
Image caption Смоленск яқинида юз берган авиаҳалокат Польша тарихида иккинчи жаҳон уришидан буён юз берган энг йирик фожеа сифатида баҳоланади

Польша Президенти Лех Качинский ва яна бир қатор юқори мартабали расмийлар дохил 95 инсон нобуд бўлган учоқ ҳалокати бўйича текширув олиб бораётган Москва расмийларига кўра, фожеа рўй беришидан сал олдин учувчилар хонасида 3 бегона шахс бўлган.

Россия расмийлари Польша президенти учоғи Смоленск шаҳри яқинидаги ўрмонда қулаб тушишига нима сабаб бўлганини ҳали ҳам билишмайди.

Фожеа 10 апрел куни содир бўлганди. Текширувчилар бунга техник носозлик сабаб бўлганми ва ё ҳаво қўнолғасидаги ускуналарда муаммо бўлганми аниқлаганлари йўқ.

Улар ҳозир учувчилар хонасидаги овоз ёзиб олувчи ускунани ўрганишмоқда.

Текширув гуруҳига кўра, ҳалокатдан сал олдин ёзилиб қолган уч овоз учувчиларга тегишли эмас.

Улар ҳозиргача бир овознинг эгасини аниқлашган, аммо ҳали унинг шахсини ошкор қилганлари йўқ.

Ҳалокат рўй берган маҳал президент Качинскийнинг ёрдамчилари учувчиларга қуюқ туман ичида бўлса-да, Смоленск ҳаво қўнолғасига қўнишга буйруқ берганлари ҳақида гап-сўзлар тарқалганди.

Россиялик текширувчилар об-ҳаво туманли бўлгани боис учоқ йўналишини бошқа аэропортга буриши борасида икки бор огоҳлантирилганини тасдиқлашган.