Толиблар Афғонистондаги АҚШ ҳарбий базасига ҳамла қилдилар

Багром ҳарбий ҳаво базаси
Image caption Багром ҳаво базасига минглаб хорижий кучлар жойлаштирилган

Толиблар Американинг Афғонистондаги энг йирик ҳарбий базаларидан бири - Багромга ҳужум қилдилар. НАТО етакчилигидаги кучлар сўзчисига кўра, бир неча соат давом этган қуролли тўқнашувда 7 исёнчи ҳалок этилган, хорижий кучлардан 5 нафари яраланган.

Сешанба куни Толибон томонидан Кобул марказида уюштирилган худкуш бомба ҳужумида 18 одам, жумладан 6 НАТО аскари ҳалок бўлганди.

Кобулдаги Би-би-си мухбирининг маълум қилишича, Американинг Афғонистондаги энг кучли ҳимояланган ва йирик ҳарбий базаларидан бирига толиблар ҳужуми ўта қақшатқич бўлган.

Исёнчиларнинг кичик гуруҳи Кобул шимолидаги Багром ҳаво базасига чоршанба куни эрталабки соат 3 да машиналарда киришга уринганлар.

Базага яқинлашар экан толиблар автоматик қуроллар ва гранатамётларни ишга солганлар.

НАТО кучлари сўзчисининг айтишича, қуролли тўқнашувда 7 исёнчи ҳалок бўлган ва беш хорижий аскар яраланган.

Ҳарбий база бинолари зарар кўрган эса-да, толиблар база ичкарисига кира олишмаган.

Толибон ҳаракати ҳужум улар томонидан содир этилганини айтган.

Толибон сўзчисига кўра, ҳужумда 20 интиҳорий ҳужумчи иштирок этган.

Маҳаллий полиция мазкур даъвони рад этган.

Багромда минглаб хорижий кучлар жойлашган. Ушбу ҳарбий базада Афғонистонда ёмон отлиқ бўлган ҳибсхона мавжуд.

Бу ҳибсхонада Толиблар ва бошқа хорижий мужоҳидлар сақланади.

Ушбу қамоқхонада сақланаётган маҳбусларнинг қийноқларга тутилиши ҳақида овозалар юради.