Ҳарбий кемани 'Шимолий Корея торпедоси чўктириб юборган'

"Чхонан" кемаси
Image caption "Чхонан" кемаси ҳалоқатида Шимолий Корея айбланмоқда

Халқаро текширувлар Жанубий Корея ҳарбий-денгиз флотига қарашли "Чхонан" кемасининг Шимолий Корея торпедоси томонидан чўктириб юборилганини кўрсатган.

Текширувда иштирок этган Австралия, Британия, АҚШ ва Швеция экспертлари сўзларига кўра, улар денгиз остида рақамли торпедо қолдиқларини топганлар.

Бундай серияли рақамлар одатда Корея Халқ Демократик Республикаси қуролли кучлари томонидан қўлланилади.

Бундан ташқари, ҳарбий кемада излари топилган портловчи модданинг кимёвий таркиби Шимолий Кореяда ишлаб чиқариладиган торпедоларнинг кимёвий таркиби билан бир хил чиққан.

Жанубий Корея президенти Ли Мен Бак шимолий қўшниларига қарши "кескин чоралар" қўллашга ваъда берган.

АҚШ ҳукумати Шимолий Корея амалларини тинчликка таҳдид солувчи "тажовузкорона амал" деб атаган ва Жанубий Кореяни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Бироқ расмий Пхенян ҳодисага унинг алоқаси борлигини қатъиян рад этмоқда.

Шимолий Корея давлат радиоси орқали тарқатилган баёнотда Корея Халқ Демократик Республикасининг мудофаа кенгаши халқаро текширув хулосаларини "қаллоблик" деб атаган.

Пхенян шунингдек Шимолий Кореянинг "Чхонан" кемаси ҳалокатига алоқаси йўқлигини исботлаш мақсадида Сеулга ўз инспекторларини юбориш ниятида эканини маълум қилган.

Уруш таҳдиди

Жанубий Корея ҳарбий-денгиз флотига қарашли "Чхонан" кемаси шу йилнинг 26-мартида Шимолий Корея қирғоқларидан 16 км шимолда, Пэннедо оролидан 1,8 км узоқликда ғарқ бўлганди. Ҳодисада кемадаги 46 ҳарбий денгизчи қурбон бўлганди.

Ҳудуд 1953 йилда БМТ кучлари қўмондонлиги томонидан икки мамлакат ўртасидаги денгиз чегараси этиб белгиланган эди.

"Шимолий айириш чизиғи" номи билан танилган мазкур чегарани Корея Халқ Демократик Республикаси тан олмайди.

Аввалроқ "Чхонан" ҳарбий кемасининг ҳалокати ҳақида турлича талқинлар, жумладан кеманинг Корея уруши пайтида ўрнатилган денгиз минасига урилиб портлаб кетгани ҳақидаги тахмин илгари сурилган эди.

Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири Ю Мун Хван кема ҳалокатига Шимолий Корея айбдорми, деган саволга "Менимча, бу ойдай равшан нарса," деб жавоб қайтарди.

Унинг қўшимча қилишича, Сеулда бу ишни БМТ Хавфсизлик Кенгашига топшириш учун етарли далиллар бор.

Мутахассислар фикрларича, Жанубий Корея БМТ Хавфсизлик Кенгашидан Шимолий Кореяга қарши жазо чораларини кучайтиришни талаб қилиши мумкин.

Бироқ Пхенян агар Шимолий Кореяга қарши янги санкциялар жорий этилса, "кенг кўламли уруш" бошлаш билан таҳдид қилган.

SMS рақамимиз: +447786201124