Икки йил ўтса-да, Жанубий Осетия аҳолиси ҳали урушни унутгани йўқ

Жанубий Осетия
Image caption Урушдан кейин бу минтақага барқарорлик ўрнатиш осон бўлмаган

Урушдан кейин икки йил ўтган эса ҳам Жанубий Осетиядаги аксар аҳоли қуролларини ташлаш ниятида эмас.

Биз маҳаллий черковнинг ҳовлисида ўтирганимизда портлаш овози эшитилди. Сал ўтмай иккинчи портлаш...

Ракета отилди ва яқин атрофдаги адирга бориб тушди.

Орадан кўп ўтмай автомат қуролларнинг садоси тутиб кетди.

Гарчанд, буларнинг бари биздан узоқроқда рўй бераётган эсада, мен аввалига, шу ердан кетайлик дедим.

Аммо такси ҳайдовчиси Нодарга қарасам, у бу воқеалардан ҳеч бир ташвишга тушмаган кўринарди.

Аслида эса у портлаш овозига эътибор ҳам бермаган экан.

“Кетамиз дейсизми? Булар фақат машқ қилишаяпти, ҳеч хавотирланманг”

Вайроналар, яна вайроналар...

Жанубий Осетия билан танишувим ана шундай кечди. Бу минтақанинг 30000 атрофида аҳолиси бор.

Мен минтақани боғлайдиган ягона йўлдан, Россия ҳудудидан ўтиб келдим. Йўл йўлакай ям-яшил ўрмонлар бағрида коттеджлар ястаниб ётар, қўшни минтақада уруш кечганига ишониш қийин эди.

Кейин эса Жанубий Осетия... минглаб вайрон бўлган уйлар, бинолар... Буларнинг бари 2008 йилда Гуржистон ва Россия ҳамда Осетияликлар ўртасида кечган жангу жадалнинг маҳсули.

Мен довон орасидан тезоқар дарё ёқасига келдим, бу гўзал манзарага соя соладигани фақат Цхинвалидаги шўроча услубда қурилган, кулранг ва эски бинолар эди.

Урушни эслатмайдиган бирор бир жойни топиш қийиндай кўринди кўзимга.Жамият ҳам яна бир зиддият учун тайёр тургандай... Уруш яралари битмаган.

Цхинвалига кетар эканмиз, бизни Лада русумидаги машина тўхтатди.

Деразалари қорага бўялган, давлат рақами йўқ бу машинадан икки киши тушиб келди.

Улардан бири баланд бўйли ва баджаҳл кўринар, иккинчиси эса сал хушчақчақроқ эди.

У пушти ранг бир ҳужжат кўрсатиб, ўзини КГБда ишлашини айтди.

Image caption Уруш яралари битмаган...

У биз акредитациядан ўтган журналистлар эканимизни эшитиб ўтиришга тоқат қилмади, машинамизга миниб олди ва тўғри ўзининг идорасига йўл солдирди.

Мен собиқ Шўролар ҳудудида бир эмас бир неча марта шунақа КГБчилар томонидан “сўроққа” тутилганман. Улар ё бизнинг филмга олишимизга қарши ва ё умуман ўша ерга келганимиздан норози бўлишарди.

Бу гал ҳам мен камида уч соат “сўроқ”қа тайёрландим.

Йўқ, улар адашишган экан.

“Бир дақиқа сабр қилинг”, деди мулозим.

Кейин “сиз Эсслмонтмисиз?” деб сўради.

Яна бир мулозим пайдо бўлди. У бошлиққа ўхшарди. Бизни “тутган”ни яхшигина “сийлади” ва бизни қўйиб юборишди.

Умримда биринчи марта мендан хавфсизлик хизмати ходими кечирим сўради.

Йўқотилган авлод

Мен ёши қирқларга яқинлашган, собиқ аскар Нодар билан суҳбатлашаман.

У ёши ўттиздан ошган бошқа эркаклар каби ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидан бери гуржилар билан уришиб “суяги қотган”лардан.

Кечқурунлар дўстлари билан ўтирганида ҳам эсланадигани фақат шу уруш йилларидир.

“Мен доим жангга тайёрман”, дейди Нодар.

Кейин у қўл телефонига жойлаштирилган видео тасвирни кўрсатади.

Бунда Жанубий Осетияликлар қандай қилиб Гуржистон танкини вайрон қилгани...

Нодарлар авлоди бир маънода йўқотилган авлоддир.

Урушдан кейин бу минтақага барқарорлик ўрнатиш осон бўлмади.

Мулозимлар яқинда қуролдорларга “афв” эълон қилди.

Қуролларни йиғиб олиш ҳаракати бошланди.

Аммо Нодар ва унинг дўстларига бу ҳаракатлар ёқмади.

Улар бир умр қурол билан яшашди, мулозимлар қонунни ҳимоя қилишолмаган тақдирда, бу йўқотилган авлод ўз билигича иш кўришга одатланган...

Бошқа томондан Қофқоз учун уруш асрлар давомида гўё ўз ниҳоясига етмагандай.

Усмонийлар империяси, форслар ва кейинроқ руслар бу тоғли бўлсада ҳосилдор заминни “бой беришни” исташмаган...

Халқ эса ўтмишда ҳам бугун ҳам ана шу шафқатсиз муҳорабаларнинг ўртасида қолган.