Туркиядаги автобус ҳалокатида россиялик сайёҳлар нобуд бўлган

Ҳалокатга учраган автобус
Image caption Автобус 15 метрлик кўприкдан қулаган

Туркия ва Россия расмийларига кўра, россиялик сайёҳларни Аланиядан Памуққалъага олиб бораётган автобуснинг кўприкдан қулаши оқибатида 16 инсон нобуд бўлган, камида 25 киши жароҳатланган.

Туркия расмийларига кўра, автобус кўприк четидаги тўсиқни бузиб, 15 метрлик баландликдан пастга қулаган.

Ҳалокат сабаби маълум эмас, бироқ у эрталабки соатларда рўй берган.

Туркиялик полиция мулозимлар ҳайдовчи рулда ухлаб қолган бўлиши мумкин, деган тахминни билдирганлар.

Автобусда 40 дан зиёд сайёҳ бўлган, уларнинг ҳаммаси Россия фуқаролари бўлганлар, деб айтган сайёҳлик ширкати вакиллари.

Автобуснинг турк ҳайдовчиси ва тўрт йўл кўрсатувчи нобуд бўлганлар орасида, деб айтишган туркиялик мулозимлар.

Россиянинг Туркиядаги Бош консули Миржалол Ҳусановнинг айтишича, барча жароҳатланганлар шифохонага ётқизилган.

Яраланган сайёҳларни ватанига қайтариш мақсадида Россия учоғи Туркияга парвоз қилди, деб хабар берган ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги.

Россия Президенти Дмитрий Медведев ҳалок бўлган инсонларнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этган, Ташқи ишлар, Соғликни сақлаш ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигига жабрланганларга ёрдам кўрсатиш буйруғини берган.

Би-би-сининг Истанбулдаги мухбири Жонатан Хеднинг айтишича, автоҳалокат тўрт қаторлик автомагистрал кўпригида юз берган.

Мухбиримизга кўра, Туркия Оврўпода автоҳалокатлар энг кўп содир бўладиган мамлакатлардан бири ҳисобланади, ҳар йили етти минг инсон ҳаётдан кўз юмади.

SMS рақамимиз: +447786201124