Ҳиллари Клинтон Шимолий Кореяни 'иғвогарлик ва таҳдид' сиёсатидан воз кечишга чақирди

АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон ва Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири Ю Мун Хван
Image caption Клинтон хоним Жанубий Кореяга бирдамлик изҳор қилди

АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Шимолий Кореяни "иғвогарлик ва таҳдид" сиёсатидан воз кечишга чақирган. Клинтон хоним бу ҳақда Сеулда, Осиё бўйлаб сафарининг сўнгги манзилида гапирган.

Шимолий Корея Жанубий Кореяга тегишли ҳарбий кемани чўктириш, оқибатда 46 денгизчининг умрига зомин бўлишда айбланаркан, Клинтон хоним текширувлар холис бўлгани ва далиллар шубҳага ўрин қолдирмаганини айтган.

Бунга чора кўриш халқаро ҳамжамият олдидаги "мажбурият"дир.

"Аммо, Клинтон хоним Жанубга бирдамлик изҳор қилиш ҳамда Шимолни қоралашдан ташқари мазкур чоралар нима бўлиши мумкинлиги юзасидан ҳаминқадар маълумот берди", дея хабар беради Би-би-си мухбири.

Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси ўлароқ Хитой Шимолий Кореяга қарши жазо бериш масаласида асосий рол ўйнаши кутилади.

Ҳозирга қадар Хитой расмийлари эҳтиёткорлик қилишмоқда: уларга кўра, қарама-қаршиликдан кўра, мулоқот йўлини тутган яхшироқ. Пекин ўзининг эски иттифоқчисига қаттиқ тегиш хатарли оқибатга етаклаши мумкинлигидан хавотирда.

Шимолий Корея аллақачон шунга ишора берди. У Жанубий Кореянинг савдо алоқаларини тўхтатиш, бу мамлакат кемаларини ўз денгиз ҳудудида ҳаракатини ман қилиш каби чораларига ғазабнок муносабат билдирди ва жавобий қадамларни қўйишини айтди ҳамда икки давлат ҳукуматлари орасидаги ўта чекланган алоқаларини узиши ҳақида маълум қилди.

Клинтон хоним Хитой масаланинг жиддийлигини тушунишига ишонишини айтади. АҚШ Давлат котибаси ҳозир Сеулни тарк этган, аммо дипломатик музокаралар ҳали якун топгани йўқ. Хитой Бош вазири Вен Жиабао жума куни Жанубий Корея Президенти билан учрашиши кутилмоқда. Икки раҳбар кейин Япония Бош вазири билан уч томонлама саммитга йиғиладилар.

Бу мавзуда батафсилроқ