'Афғонистонда покистонлик Толибон раҳбари Мавлано Фазлуллоҳ ўлдирилди'

Мавлоно Фазлуллоҳ
Image caption Мавлоно Фазлуллоҳ шу пайтгача тутқич бермасликнинг уддасидан чиққан

Маҳаллий полиция бошқармаси бошлиғининг айтишича, Покистондаги Толибон ҳаракатининг Сват водийсидаги раҳбари Афғонистоннинг шарқий Нуристон вилоятида кечган жангларда ўлдирилган.

Афғон полицияси мулозимлари ҳозир ушбу хабарларни текшираётганликларини айтишмоқда.

Нуристон вилояти полиция ходимларига кўра, Мавлано Фазлуллоҳ афғон чегара полицияси билан тўқнашув чоғида ҳалок этилган.

Лекин шу пайтгача ушбу хабарларни тасдиқлашнинг имкони йўқ ва тафсилотлар ҳам чекланган.

Бир неча кундан буён Нуристон қақшатқич жангларга саҳна бўлиб келаётганди.

Маҳаллий полиция кучлари юзлаб Толибон жангарилари билан тўқнаш келишганди. Уларнинг айтишларича, жангарилар Покистондан бу ерга ўтишган.

Афғонистонлик мулозимларга кўра, вилоятга ўтган 300 га яқин Толибон жангарисига Мавлано Фазлуллоҳ бошчилик қилган.

Мавлано Фазлуллоҳ Покистон Қуролли кучлари томонидан ўтган йили Сват водийсига уюштирилган йирик ҳарбий амалиёт ортидан шу пайтгача қочиб юрганди.

Покистон Қуролли кучлари уни бир неча ойдан буён асосий таянчгоҳи бўлган Сват водийсидан излаб юришганди.

Бироқ бошқа юқори мартабали Толибон қўмондонлари каби Мавлано Фазлуллоҳ ҳам шу пайтга қадар тутқич бермай келаётганди.

Покистон мисолида ҳам, Афғонистон мисолида ҳам нуфузли Толибон раҳбарларининг ўлдирилганига оид хабарлар доимо ўз тасдиғини топавермаган.

Мавлано Фазлуллоҳ Покистондаги қора рўйхат бошидаги шахс эди. Унинг боши учун мукофот пули ҳам эълон қилинганди.

Покистон Қуролли кучлари сўнгги хабар ортидан афғон томонидан унинг ўлдирилгани ҳақида кўпроқ маълумот ва далил сифатида унинг аксини беришни сўраган.