Россияда яна портлаш юз берди, қурбонлар бор

Ставропол
Image caption Минтақа губернатори "ҳужумни шафқатсиз провакация амали," дея баҳолаган

Россиянинг жанубий Ставропол шаҳрида юз берган портлаш оқибатида 6 нафар аёл ва ёшгина бир қиз қурбон бўлишган. Яна 12 нафар киши оғир жароҳатланган.

Ставропол Россиянинг асосан мусулмонлар истиқомат қилувчи Чеченистон, Ингушетия ва Доғистон минтақаларига яқин жойлашган.

Портлаш чоршанба куни кечқурун шаҳар марказида рўй берган.

Бомба кишилар чеченистонлик раққослар гуруҳининг чиқишини томоша қилиш учун концерт зали ташқарисида тўпланиб турган бир пайтларида портлаган.

Минтақа губернатори ҳужумни "мислсиз ва шафқатсиз провокация амали," дея таърифлаган.

Уч киши ҳодиса жойининг ўзида жон таслим қилган, қолган тўрт нафари шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Ставропол исломий жангарилар Россия хавфсизлик кучлари билан жанг олиб бораётган Чеченистон каби беқарор минтақага яқин жойлашган бўлса ҳам, шаҳарда бу каби портлашнинг юз бериши ғайриодатийдир.

Ҳужумни ким амалга оширгани ҳозирча маълум эмас.

Бироқ Шимолий Қофқоздаги исёнкорлар раҳбари Доку Умаров яқинда Россиянинг йирик шаҳарларини ҳужумга тутиш ваъдаси билан чиққанди.

Доку Умаров март ойида пойтахт Москвадаги метро тармоғида уюштирилган ва қирқ кишининг умрига зомин бўлган худкушлик ҳужумлари ортида ҳам ўзлари турганликларини айтганди.

Сўнгги портлаш келаси ҳафта Россия ва Оврўпо Иттифоқи орасида бўлиб ўтиши кутилаётган саммит арафасида юз бермоқда.

Олиймақом йиғиннинг Шимолий Қафқозга яқин бир ерда уюштирилиши кутилаётганди.