Россияда миллатлараро муносабатларнинг бугуни ва муаммолари

Москва
Image caption Россия фақат русларникими?

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, Россия аҳолисининг 80 фоизи руслар, қолган 20 фоизи 100дан ортиқ турли-туман халқлардан ташкил топган. Биргина Доғистонда 30дан ортиқ миллат мавжуд.

Кузатувчилар миллий масала Россияда Шўролар даврида ҳам ҳозирги пайтдаги каби энг мураккаб муаммолардан бўлганини айтишади.

Шўро тузуми қулагандан сўнг Чеченистонда кечган икки уруш, Ингушистон, Шимолий Осетия ва Доғистондаги кескинликлар, миллатлараро муносабатларга салбий таъсир кўрсатган.

Охирги марта 2006 йилнинг кузида Россиянинг Кондопога шаҳарчасида қофқозликлар ва руслар орасида юзага келган можаро катта тартибсизликлар саҳнасига айланганди.

Расмийлар мамлакат халқлари орасида миллий низога йўл қўймаслик, халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш, ҳокимиятнинг асосий вазифаларидан бири эканлигини ҳар доим урғулашади.

Яқиндаги чиқишларининг бирида Президент Дмитрий Медведев мамлакатда ксенофобия муаммоси кучаяётганини очиқ эътироф этди. "Афсуски, охирги йилларда ирқчилик кайфиятлари кучайди. Нафақат Россияда, балки кўплаб давлатларда бундай кайфиятлар борган сари ортмоқда. Россияда ирқчилик муаммоси мавжуд ва биз бунга қарши курашишимиз лозим", деб айтди Президент Медведев.

Россия прокуратураси маълумоти бўйича охирги 5 йил давомида мамлакатда миллий низо асосидаги жиноятлар миқдори 4 бараварга кўпайган. Ирқчилик муаммоларини ўрганувчи нодавлат ташкилотларга кўра, жорий йилнинг охирги 5 ойида миллатчи гуруҳлар ҳужумидан камида 17 инсон ҳалок бўлган.

Экспертлар миллий низо асосидаги жиноятларнинг кўпаяётгани ва миллатчи гуруҳлар фаолиятининг кучайиши миллатлараро тотувликни издан чиқариши ҳақида бонг уришмоқда.

Москвадаги "Фуқаровий кўмак" нодавлат ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкинанинг айтишича, расмийлар баёнотларига қарамасдан миллий низо асосидаги жиноятлар сони ортмоқда.

"Биз миллатчилик асосидаги жиноятларни мунтазам кузатиб борамиз. Афсуски, кўп ҳолларда Россия тергов ва маҳкама тизимлари судларда, жабр кўрганларни эмас, миллатчиларни ҳимоя қилишади. Миллатчилик жинояти билан қўлга тушганларга миллий низо бўйича эмас, безорилик айблови юзасидан ҳукм чиқаришга ҳаракат қилишади. Менимча, агар миллатчилик бартараф этилмаса, Россия келажаги аянчли бўлади", дейди Светлана Ганнушкина.

Ўз навбатда коммунистлар ва миллатчи йўналишдаги сиёсатчилар Россияда ирқчилик кайфиятлари юқори деган фикрни рад этишади.

Москва шаҳар депутати, коммунист Пётр Милосердовга кўра, Россияда хорижийлар эмас, кўпроқ руслар камситилади ва ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилади.

"Россия кўпмиллатли мамлакат эмас. Моно, яъни яккамиллатли давлат. Чунки, Россияда аҳолининг 83 фоизи руслар ва улар давлатни ташкил этадиган миллат ҳисобланади. Асрлар давомида Руслар билан ёнма-ён яшаётган бошқа халқлар эса, рус миллий давлатчилигини ташкил этишда иштирок этишган, албатта. Бироқ, ҳокимиятнинг Россия кўпмиллатли давлат деган баёнотлари, ҳақиқатдан йироқ. Кремлдагилар қандай мамлакатни бошқаришаётганларидан бехабарлар. Ҳозирги пайтда рус миллий ғояси аҳолининг аксарияти томонидан дастакланади. Россия раҳбарияти мамлакатда рус миллий ҳаракатига нисбатан репрессив чоралар қўлланмоқда. Шу боис, ҳукумат Рус миллий ҳаракатининг кучайишидан қаттиқ хавотирда",-дейди коммунистлардан депутат Пётр Милосердов. Айни дамда Россия марказий ҳокимияти ва миллий республикалар ораларидаги муносабатлар ҳам муаммолардан ҳоли эмас. Яқинда Россия ўрта мактабларда миллий тилларнинг мажбурий ўқитилиши борасидаги қонун бекор этилгани Татаристон, Бошқирдистон ва Хакасия каби республикаларда норозиликларга туртки берди.

Москвалик журналист Назифа Каримованинг фикрича, миллий тилларга оид қонуннинг қабул қилингани Россия Конституциясига зид ва миллий тилларнинг йўқолишига қаратилган.

Россия қуйи парламенти собиқ депутати Фандас Сафиулин эса, Кремл миллий масалада собиқ Шўро ҳукумати йўл қўйган хатоларни такрорламоқда дея ҳисоблайди.

Унинг айтишича, агар ушбу сиёсат давом этаверса, Россия ҳам шўролар дуч келган қийинчиликларга дучор бўлиши мумкин.

Image caption Россияда ирқчилик кайфиятларининг ортаётгани Россия раҳбарларига сир эмас...

Москвалик жамиятшунос Ахмед Ярликаповга кўра, собиқ Шўро раҳбариятидан фарқли ўлароқ, Россия ҳокимияти миллий муаммоларга ҳартомонлама ва жиддий ёндошмоқда.

"Россия ҳокимиятида миллий ҳудудий автономия принципидан қайтиш истаги йўқ. Татаристон, Бошқирдистон каби республикалар ўз автономиясига эга. Шимолий Қовқозда ҳам худди шундай. Россия таркибидаги республикаларда миллий маданият, тил ва анъаналарни ривожлантиришга бирон тўсқин йўқ",- дейди жамиятшунос Ахмед Ярликапов. Яқинда жамоатчилик фикрини ўрганувчи Умумроссия Маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, россияликларнинг учдан бир қисми мамлакатда яшаётган айрим халқларга нисбатан салбий ёндошишларини билдиришган. Шу қаторда сўралганларнинг ярмидан ортиғи эса, барча миллат вакилларига бир кўз билан қарашларини айтишган.

Сўровда, шунингдек, "у ё бу миллат вакилларига қандай ёндошасиз" деган саволга, сўралганларнинг қарийб 30 фоизи Қофқоз халқлари вакилларига нисбатан адоватли қарашларига ишора этишган.

SMS рақамимиз: +447786201124

Бу мавзуда батафсилроқ