Нуқтаи назар: Афғон оқсоқоллар кенгашидан нима кутиш мумкин?

Жирга

Чоршанба куни Афғонистонда тинчлик жиргаси-қавм оқсоқоллари қурултойи бўлиб ўтади.

Ҳукумат йиғинда миллий келишувга эришиш ҳамда исёнкорликка барҳам бериш ва ярашув жараёни учун йўл харитасини ишлаб чиқишга умид қилади.

Британиядаги Warwick универстети Халқаро Тараққиёт қонуни ва Инсон ҳуқуқлари дастури бўйича тадқиқотчиси Важма Фрух Афғонистондаги вазиятни таҳлил қилишга уринган.

Анъанага кўра, жиргалар Афғонистондаги жамоа ва қавмлар ўртасидаги зиддиятларни ҳал этиши керак. Жирга қарорлари кўпда мажбурий шаклда олинган. Улар ҳар доим ҳам адолатни кафолатламаган. Бундан ташқари, жиргада иштирок этаётган вакиллар кўпинча таниқли шахслар ва омма иродаси эмас, балки ўз хоҳишлари асосида иш кўришни истайдиган қудратли шахслар бўлишади. Ўтмишдаги жиргалар бизга зўравонликларга чек қўйиши мумкиндек кўринган бўлиши мумкин, аммо ҳақиқий манзара анчайин мураккаб.

Ҳукуматнинг миллий ярашув ва қайта интеграциялашув режасига қарши турлича эътирозлар қулоққа чалинади.

Режанинг ошкор қилинган бандларидан бири зўравонликдан воз кечган исёнкорларга молиявий кўмак берилиши ҳақида.

Кўпларнинг даъво қилишларича, мазкур стратегия тескари натижа бериши, айниқса, ўзларини халқаро ҳамжамият ва Афғонистон ҳукуматининг тараққиёт ва хавфсизликка оид режаларидан четда қолган ҳис қиладиган ёшлар орасида норозиликларни уйғотиши мумкин.

Аёллар фаоллари ва фуқаролик жамияти гуруҳлари ҳам ўз хавотирларини билдиришади.

Уларга кўра, жангарилар ва исёнкорлар томонидан инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳоллари юзасидан адолатни қарор топтириш масаласи ҳал этилмай туриб, бу каби авф таклифи Афғонистонда давомли тинчлик қарор топишига хизмат қилолмайди.

Кўплаб танқидчилар Толибон раҳбарияти ва ё кучлари жиргада иштирок этмаслигига ишонадилар. Яқинда Покистонда етакчи Толибон қўмондонларидан бирининг ҳибсга олиниши жангарилар ва Покистон жосуслик хизматлари ўртасидаги муносабатларга путур етказди.

Ва мазкур жирга Афғонистондаги Толибон раҳбарияти учун Покистон жосуслик хизмати билан алоқалардан воз кечиб, Афғонистондаги сиёсий ва миллий жараёнларга қўшилиш учун зўр имконият ҳам бўлиши мумкин.

'Заиф' оқсоқоллар

Аксинча эса, жирга қудратдагиларнинг Афғонистоннинг заиф оқсоқоллари билан биртомонлама ҳамкорлиги бўлади холос.

Оқсоқоллардан тинчлик жараёнига кўмаклашиш сўралади. Аммо, айримларини қишлоқларига қайтганларидан кейин ўлдиришлари мумкин. Ҳатто баъзилар маҳаллий жангарилар ва исёнкорлардан қўрқиб, йиғинда иштирок этишга уринмайдилар ҳам.

Бундай хавф-хатар асосан зўравонликлар саҳна бўлаётган жануб ва жануби-шарқий вилоятларда мавжуд.

Тинчлик жиргасидан кўп нарса кутиш хато.

Жирга Афғонистонни барқарорлаштириш томон ташланган бир қадам сифатида хизмат қилиши мумкин, бироқ умидларни мамлакатдаги мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда боғлаш лозим.

Агар Толибон ҳаракати миллий, мустақил ва афғон ватанпарварлик ҳис-туйғулари асосида бўлганда, бу каби жиргалар мантиқли ва самарали кечиши мумкин эди. Чунки, ўшанда оқсоқоллар ғазабнок ва жанг қилаётган ўғиллари билан муроса қилишлари осонроқ бўларди.

Ана шунда оқсоқоллар уларни афғон жамоалари ичида зўравонликлар содир этишдан тўхтатишга муваффақ бўлишлари мумкин эди.

Аммо, Афғонистондаги зўравонликларнинг аксари ташқаридан келаётган исёнкорларнинг иши эканини инкор этиб бўлмайди. Исломобод қайта-қайта рад этса-да, бунда Афғонистоннинг қўшниси Покистон ҳам ҳисса қўшаётгани бор нарса.

Афғонистон ҳукумати Покистон ҳарбийлиги ва Толибон ҳаракати ва исёнкорлигининг отаси бўлган жосуслик хизмати билан жиддий музокаралар олиб бориш вақти келган.

Афғонистон ва Покистон ўртасида минтақавий шартнома имзолаш пайти етди.

SMS рақамимиз: +447786201124

Бу мавзуда батафсилроқ