Туркия Исроил билан алоқаларини қайта кўриб чиқмоқда

Туркия Вазирлар Маҳкамаси ва турк хавфсизлик кучлари раҳбарлари Ғазога инсонпарварлик кўмагини элтиётган кемалар карвонига Исроил томонидан ҳужум қилишишини муҳокама қилиш учун махсус йиғин ўтказмоқда.

Туркия парламенти Исроил ва Туркия ўртасида мавжуд бўлган мустаҳкам ҳарбий ва тижорий алоқаларни қайта кўриб чиқишни сўраб ҳукуматга мурожаат қилган.

Исроил эса Туркиядаги элчихонасида фаолият юритувчи паст лавозимли ходимларга Туркиядан чиқиб кетишни сўраган.

Исроил ҳозирда душанба куни ҳибсга олинган барча фаолларни озод қилган, бироқ бир қатор исроиллик араблар ҳали ҳам ушлаб турилибди. Улар расмий айбловларга юз тутишлари мумкин.

Исроил ҳукумати чет эл фуқароларини бугун депортация қилишни бошлаганди.

Исроил ҳарбий денгизчиларининг ёрдам кемасига қарши амалиётида камида тўққиз киши ҳалок бўлган.

Расмийлар кемада ҳибсга олинган юздан ошиқ Ғазопараст фаолларни мамлакатдан чиқариб юбориш учун аввалроқ Иордания чегарасига олиб борган. Фаолларни у ерда тўпланган оломон олқишлар билан кутиб олган.

Исроил, шунингдек, икки юздан ошиқ Туркия фуқароларини ҳам озод қилган. Улар бугун учоқларда ватанга қайтишган.

Туркия Ташқи Ишлар Вазирлигидаги нуфузли дипломати Селин Емел Исроил ниҳоят ўз ҳушини йиғиб олаётганини айтган.

Бироқ, Исроил воизи Ғазонинг ишғоли сақланиб қолишини билдирди. Унинг айтишича, ишғолдан мақсад Ғазо бўлгасига Исроилга қарата отилиши мумкин бўлган қуролларнинг олиб кирилишининг олдини олишдир.

Айни дамда АҚШ Президенти Барак Обама Туркия Бош Вазири Ражаб Тойиб Эрдўғанга сим қоқиб, Исроил ҳужумида нобуд бўлган турк фуқаролари ўлими муносабати билан таъзия изҳор қилган.

Аввалроқ, АҚШ Давлат Котиби Хиллари Клинтон мазкур талофотлар бўйича тергов якка тарзда Исроил томонидан ўтказилиш қарорини АҚШ қўллаб-қувватлашини билдирди. Аммо, ҳам Клинтон хоним, ва ҳам Барак Обама бу тергов ишончли ва шаффоф тарзда ўтказилиши шарт эканини урғулашган.

Клинтон хоним ҳозирда Вашингтонда бўлган Туркия Ташқи Ишлар Вазири Аҳмад Давутўғлу билан учрашган.

Жаноб Давутўғлу учрашувдан аввал Туркия Американинг Исроил ҳужумига муносабатидан мутлақо қониқмаганини билдирган.

SMS рақамимиз: +447786201124