БМТ маърузачиси учувчисиз учоқлар ҳужумларини танқид қилди

Image caption Учувчисиз учоқлар мингларча чақирим узоқликдан туриб бошқарилади ва "Ал-Қоида" билан Толибларнинг бир қатор раҳбарлари ана шу каби учоқлар ҳужуми оқибатида ўлдирилган.

БМТнинг маҳкамасиз қатллар бўйича махсус маърузачиси Филип Алстонга кўра, учоувчисиз учоқлардан амалга оширилаётган қатллар халқаро қонунчилик чаҳорчубида муаммо туғдирмоқда.

Жаноб Алстонга кўра, айниқса АҚШ томонидан амалга оширилаётган қатллар инсонларнинг яшаш ҳуқуқларига рахна солмоқда.

Учувчисиз учоқлардан амалга оширилаётган қатллар ўз навбатида қатлга нисбатан компьютер ўйинидагидек муносабатни шакллантириши мумкин, дейилади БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашига тақдим этилган ҳисоботда.

Бир неча кун аввал АҚШ "Ал-Қоида" раҳбарларидан бири сифатида кўрилган Шайх Саид Ал-Масри оила аъзолари билан биргаликда Покистоннинг Вазиристон ҳудудида айнан учувчисиз учоқдан ўлдирилганлиги хабар қилинганди.

Жаноб Алстонга кўра, АҚШ МАрказий Жосуслик Хизмати ходимлари томонидан узоқдан туриб бошқарилган учоқлар ҳужуми оқибатида "юзлаб тинч фуқаролар" ўлдирилган.

"Ўз раҳбариятларидан ташқари ҳеч ким ўнгида ҳисобот бермайдиган жосуслик агентликлари ўзга давлатлардаги инсонларни қатл қилиш каби амалларда ҳеч қандай ўрин тутмасликлари лозим", дейилади БМТ ҳисоботида.

Унда айтилишича, учувчисиз учоқлардан амалга оширилаётган қатлларнинг "уруш жинояти амали" сифатида кўрилиши эҳтимоли жуда каттадир.

"Шунингдек, амалиётлар жанг майдонларидан мингларча чақирим узоқликда, фақатгина компьюетр экрани ва микрофонда буйруқ бериш орқали амалга оширилар экан, қотилликни компьютер ўйини сифатида кўриш руҳияти шаклланиши мумкин", дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот муаллифи Филип Алстоннинг айтишича, нишонга олиб қатл этиш баъзи шароитларда қонунуий, дея кўрилиши мумкин.

Аммо АҚШнинг 11 сентябр ҳужумларидан сўнг ўз-ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўзга мамлакат ҳудудида куч ишлатиш амаллари хавотир туғдирувчидир ва агарда ўзга давлатлар бу каби "ўз-ўзини ҳимоя қилиш" амалини савол остига ола бошласалар халқаро миқёсда можарони келтириб чиқариши мумкин.

Баъзи кузатувчилар жаноб Алстоннинг ҳисоботини замонавий қуролларни назарда тутган ҳолда уруш қоидаларини қайта ишлаб чиқишга қаратилган ишора сифатида талқин этмоқдалар.

Аммо бошқалар жаноб Алстоннинг ҳисоботи ўта нозик ҳисобланган терроризмга қарши кураш амалларига таҳдид солиши мумкин демоқдалар.

SMS рақамимиз: +447786201124