Даккадаги ёнғинда 100дан ортиқ инсон нобуд бўлди

Image caption Даккадаги ёнғин бир неча бинога тарқалган.

Бангладеш пойтахти Дакканинг аҳоли зич яшайдиган мавзеларидан бирида рўй берган ёнғин оқибатида камида 108 инсон нобуд бўлди.

Кўп қаватли турар жой биноларидан бирида бошланган ёнғин тез орада олтита бинога қадар ёйилди.

Ёнғиннинг тарқаш суръатлари шу қадар тез ва алангаси шу қадар кучли эдики кўплар учун қочиб чиқишнинг иложи бўлмаган.

Ўт ўчирувчилар Дакканинг аҳоли ўта зич яшайдиган ва асосан тор кўчалардан иборат эски шаҳар қисмига ўт ўчирувчи машина ва мосламаларни олиб келишлари мушкул бўлган.

Айтилишича ёнғин электр тарнсформаторининг портлаши натижасида бошланган.

Аланга тез орада бинонинг пастки қаватида жойлашган дўконларга етиб борган, у ерда эса турли кимёвий ашёлар ҳам бўлган.

Ёнғин қамраб олган бинолардан бирининг томида тўй маросими кетаётган эди.

Ёнғин охирги беш йил ичидаги энг кучлиси, дея айтилмоқда. Лекин жаҳоннинг аҳоли энг зич яшайдиган шаҳарларидан бири бўлган Даккада ёнғинлар тез-тез рўй бериб туради.

Шаҳардаги кўплаб турар жой бинолари хафсизлик чорларини назарда тутмай қурилган ва ёнғин рўй берган ҳолатда қочиш учун орқа йўлаклар ёда ўт ўчирувчи мосламалар билан жиҳозланмаган.

SMS рақамимиз: +447786201124