Исроил Ғазо қирғоғида тўрт фаластинликни отиб ўлдирган

Image caption Кемалар карвонига ҳужум ортидан Исроилга Ғазодан ракеталар отилиши авж олган

Исроил ҳарбий денгиз кучлари ғаввослар кийимида Ғазо қирғоқлари бўйлаб кемада ўтаётган камида тўрт фаластинликни отиб ўлдирган.

Исроил ҳарбийлари бу гуруҳ "террорист амалиётини амалга оширишни режалаган"ига ишонади.

Фаластиндаги тиббий манбаларга кўра, тўрт кишининг жасади топилган, аммо яна икки киши бедарак йўқолган. Ҳалок бўлганларнинг бари қуролланган бўлган.

Ҳарбийларга биноан, кемада террор амалиётини амалга оширишга шайланган дайвинг (ғаввос) кийимидаги террорчилар гуруҳи" бўлган.

Исроил оммавий матбуот воситаларида Фатх ҳаракатининг ҳарбий қаноти ҳисобланган "Ал Ақса шаҳидлари бригадаси" баёноти чоп қилинган. Унга кўра, тўрт жангари ҳалок бўлган ва бир нафари бедарак йўқолган.

Исроилнинг Ҳааретц рўзномаси ёзишича, ҳужумга учраган кема Ғазо марказидаги Нусейрат қочқинлар жамлоғидан шимолга, Исроил томон қараб ҳаракат қилаётганди.

Матбуотда тарқатилган хабарларга биноан, ҳарбий амалиётга тикучарлар ҳам жалб этилган.

Исроил Ғазодан 2005 йилда ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетган бўлсада, Ғазо бўлгасининг ҳудудий сувларини ҳали ҳам назорат қилади.

Ғазо бўлгасидаги Рамаллоҳ шаҳридан Би-би-си мухбири Жон хабар қилишича, аниқ тафсилотлар ҳали юзага чиқмаган.

Бироқ, унга кўра, Исроил ҳарбий денгизчиларининг қирғоқдан узоқлашган балиқчи кемаларга ўт очиши одатий ҳол.

Ундан ташқари, ўтган ҳафта Исроил армияси Ғазога инсонпарварлик ёрдамини олиб кетаётган кемалар карвонига ҳужум қилиб камида тўққиз кишини ўлдириши ортидан Ғазодан Исроилга ракеталар отилиши авж олган.

Айни дамда Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Эрон ва Сурия қаторида минтақавий хавфсизлик саммитида иштирок этиш учун Туркияга келган.

Туркия Бош Вазири Ражаб Тойиб Эрдўған кемалар карвонига ҳужум ортидан Исроилни "давлат террорчилиги"да айблаган, ҳамда Ғазони Туркия учун тарихий аҳамиятга эга бўлган масала эканини айтган.

Эрон Қизил Ҳоч ташкилоти бу ҳафта Ғазога инсонпарварлик маҳсулоти юкланган икки кемани Эрондан жўнатишини билдирган.

Эрон давлат матбуотидаги хабарга биноан, кемалардан бирида ҳайрияга берилган маҳсулотлар, жумладан озиқ-овқат ва дори-дармонлар бўлади.

Аммо, мухбиримизга кўра, агар бу кемалар денгизга чиқса Ғазо қирғоғида танглик янада чуқурлашади. Исроил Эрон Ҳамасни қуроллар билан таъминлашига ишонади.