Аҳмадинежод: 'Эрон ядровий музокаралардан воз кечиши мумкин'

Президент Маҳмуд Аҳмадинежод Бирлашган Миллатлар янги жазо чораларини киритса, Эрон ўзининг ядровий дастури юзасидан музокаралар олиб боришга рози бўлмаслигини айтган.

Жаноб Аҳмадинежоднинг огоҳлантиришича, ядровий ёқилғига оид Туркия ва Бразилия воситачилигида эришилган битимдек имконият қайта бўлмаслиги мумкин.

Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинежод бу ҳақда Истанбул шаҳридаги Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари хавфсизлигига бағишланган саммитда гапирган.

Эроннинг ядровий дастури юзасидан халқаро ҳамжамиятнинг хавотирларини аритишга қаратилган мазкур битим Ғарб давлатлари томонидан рад этилган.

Аввалроқ БМТ Хавфсизлик Кенгаши Эронга қарши янги жазо чоралари киритишга рози бўлганди.

Эронга нисбатан санкциялар бўйича овоз беришнинг 9 июн куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Эрон президенти овоз беришда Россияни Эроннинг душманлари тарафини олмасликка чақирган.

"Мен аввал айтганимдек, АҚШ ҳукумати ва уларнинг иттифоқчилари резолюция деб аталган тўқмоқ билан ўқталамиз, кейин эса ўтириб, биз билан гаплашамиз, деб ўйлашаётган бўлса, адашишади", деб айтган Эрон президенти.

"Агар музокаралар ҳаққоний ва эҳтиромли бўлса, биз ҳар бир киши билан гаплашишимиз мумкин, бироқ кимдир биз билан қўпол, юқоридан келиб гаплашмоқчи бўлса, ундайларга бизнинг жавобимиз аён", деб айтган Президент Маҳмуд Аҳмадинежод.

Кўп ҳолларда Эронга нисбатан жазо чораларининг кучайтирилишига қаршилик кўрсатиб келган Россия расмий Теҳронга нисбатан БМТ Хавфсизлик Кенгаши тўртинчи резолюциясини маъқуллашини билдирган.

Истанбулда Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинежод билан Россия Бош вазири Владимир Путиннинг учрашуви режалаштирилган.

Жума куни жаноб Аҳмадинежоднинг Хитойга сафари мўлжалланган, у Шанхайдаги Жаҳон Кўргазмасига ташриф буюради, бироқ бу сафар мобайнида Эрон раҳбарининг расмий Пекин мулозимлари билан учрашуви мўлжалланмаган.

Ўзининг ядровий дастури ҳарбий мақсадларни кўзламаганини айтиб келадиган Эрон май ойида 1200 килограмм кам тўйинтирилган уранни Туркияга чиқариш ва бунинг эвазига тиббий мақсаддаги реактор ёқилғисини олишга розилик берганди.

Бироқ Ғарб давлатларига кўра, бу қадам етарли эмас ва кечдир.

Эрон ўтган йили Ғарб мамлакатларининг ўзининг кам тўйинтирилган уранини Франция ва Россияга бериш таклифини рад этган эди.

Эронга нисбатан янги жазо чоралари лойиҳасида расмий Теҳронга айрим оғир қуроллар, жумладан, ҳужумчи тикучарлар ва ракеталар сотмаслик, Эронга мўлжалланган ва тақиқланган юк ортилган дея гумон қилинган ҳар қандай транспорт воситасини бандаргоҳ ва аэропортларда текшириш талаби, агар ядровий фаолиятга алоқаси бор деб билинса, Эронга ҳар қандай молиявий маблағ ўтказилишини олдини олиш чоралари кўзда тутилган.

БМТ резолюциясини Туркия, Бразилия ва Ливан қўллаб-қувватламайди, деб кутилмоқда, бироқ бу мамлакатлар вето ҳуқуқига эга эмаслар.

Ғарбдаги дипломатлар 12 мамлакат, шу жумладан вето ҳуқуқига эга Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси Эронга қарши жазо чораларини кучайтириш учун овоз берадилар, дейишади.