Amnesty International: 'Толибон Покистонда миллионлаб инсонларни таҳқирламоқда'

Покистон
Image caption Халқаро ташкилотга кўра, миллионлаб инсонлар Толибон зўравонликларидан азият чекишмоқда

"Амнести Интернейшнл" халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотига кўра, Покистон шимоли-ғарбида Толибон назорати остида яшаётган миллионлаб инсонлар энг оддий инсоний ҳуқуқларидан ҳам маҳрумлар ва ҳукумат томонидан ҳам ташлаб қўйилишган.

Халқаро ташкилотга кўра, Покистон хавфсизлик кучлари ва жангарилар орасидаги жанглар сабаб бошпанасиз қолган бу инсонлар мунтазам равишда Толибон томонидан таҳқирланишади.

Янги ҳисоботда урғуланишича, Покистон ҳукумати ўз ҳарбий амалиётлари чоғида фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши лозим.

Покистон Қуролли кучлари ҳарбий воизи генерал Атар Аббос халқаро ташкилотнинг ҳисоботини рад этиб чиққан.

Унга кўра, ўша минтақадаги қавм оқсоқоллари ўзлари билан ҳамкорлик қилишга рози бўлишган ва маҳаллий аҳолининг ҳимоясини ҳам ўз зиммаларига олишган.

"Амнести Интернейшнл" эса, ҳам Толибон ва ҳам Покистон ҳукуматини мамлакат шимоли-ғарбидаги инсон ҳуқуқларининг топталиш ҳолларига чек қўйишга чақирган.

Халқаро ташкилотга кўра, Толибон ўз назоратини кучатар экан, минтақа аҳолисининг яшаш шароитлари янада ёмонлашган.

"Ўзимиз ҳужжатлаштирган ҳоллардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, одамлар бу хусусда ҳатто очиқ гапиришдан ҳам қўрқишади," дейди "Амнести Интернейшнл".

Ҳисоботда Толибон жангариларининг мунтазам равишда маҳаллий аҳолининг ҳуқуқларини топтаб келаётгани айтилади.

Уларнинг сирасига қатл этишлар, қийноқлар, мактаб ўқитувчилари ва ёрдам ходимларини ҳужумга тутиш ҳам киради.

Халқаро ташкилотга кўра, Покистон ҳукумати ҳам жангариларга қарши ҳарбий амалиётлари чоғида инсоний талофатларнинг олдини олиш ва Афғонистон билан чегарага яқин минтақада яшаётган миллионлаб фуқароларининг энг оддий эҳтиёжларига эътибор қаратмаётир.

Энг сўнггида "Амнести Интернейшнл"нинг айтишича, айни муаммоларга барҳам берилса, минтақадаги исёнкорликка етакловчи кўплаб омиллар ҳам ўз-ўзидан барҳам топади.

SMS рақамимиз: +447786201124