Ҳам яҳудий ва ҳам журналист бўлган ҳолда Яқин Шарқни холис ёритиш қанчалар осон ва ё мушкул?

Тим Франкс
Image caption Тим Франкс 2007 йил мартидан бери Би-би-сининг Яқин Шарқ бўйича мухбири эди

Тим Франкс Би-би-сининг Яқин Шарқ бўйича мухбири сифатидаги фаолиятига якун ясар экан, ўзининг ижтимоий келиб чиқиши баъзи одамларни у ва фаолияти ҳақида тўғри ва нотўғри хулосаларга етаклагани ҳақида ёзади.

Аввало ўзимни таништирсам: Мен яҳудий ва журналистман.

Ва энди узр сўрасам: айрим журналистлар ҳикоянинг марказига ўзларини қўйишади, мен эса, солипсизмни ёмон кўраман.

Келинг, тушунтириб берай.

Мен ўзимнинг ҳам яҳудий ва ҳам журналист эканимга иқрор бўлдим. Сабаб- менинг кимлигим фақатгина ўтган уч ярим йиллик фаолиятим давомида диққат марказда бўлмаган.

Бошида бу афтидан кўп сонли дўсту биродар, таниш-билишлар орттиришим ҳамда кимлар биландир кўришишимга жуда қўл келарди.

Айни пайтда худди шу кимлигим Яқин Шарқни қоплаган туманнинг бир бурчагини ёритган шуъла ҳам бўлган бўлса эҳтимол.

Брюссель синагогасидаги яҳудийлар олдинги ҳикоям қаҳрамонлари эдилар.

Улар менинг янги ишим ҳақида эшитишаркан, орқамга уриб қўйиб: "Худога ҳамдлар бўлсин, ва ниҳоят сен хабарларда бизнинг мавқеимизни ёритасан", дейишарди.

Бир пайтлар яҳудий бўлмаган синфдошим бўларди, мен у билан 20 йил хабарлашмаганмиз. Худди ўша синфдошим кутилмаганда менга хат йўллаб, янги фаолиятим давомида яҳудийлик ва журналистликка алоҳида-алоҳида садоқатим бўлмаса, қанчалар мушкул бўлиши мумкинлиги юзасидан ҳамдардлик билдириб қолди.

Оиламизнинг яҳудий бўлмаган дўсти эса, қариндошларимдан бирига менинг бу ишга тайинланишимга сабаб собиқ бош вазир Ариел Шароннинг Би-би-си бош директорига босим ўтказгани бўлгани хусусида башорат ҳам қилибди.

Қочқинлар

Ва кўпларнинг ишонишларича, журналист сифатида эфирга узатган ҳар бир сўзим олдида гуноҳкор эдим: яҳудий манфаатларини ҳимоя қиладиган барча қудратли гуруҳлар гаровида бўлишим, Фаластиннинг жабрдийдалик маданияти таъсирида бўлишим билан, борингки, Ғарбий Осиёнинг бир бурчагида нима юз берса мен балогардон...

Ғарбий соҳилдаги энг йирик Балат қочқинлар жамлоғида 30 мингдан ортиқ фаластинлик бошпана топган. У ердаги ўсмир болалардан сўрасангиз, улар жамлоқда дунёга келган қочқинларнинг учинчи ва ё тўртинчи авлодлари. Асли келиб чиқишларини билмоқчи бўлсангиз, гаров боғланг, Ҳайфа ёки Жаффа бўлиб чиқади. Бу шаҳарлар Исроил ичкарисида жойлашган. У ерларга болаларнинг ота-оналар ҳеч қачон қадам қўйишмаган бўлса эҳтимол.

Яқинда Аммандаги меҳмонхоналардан бирида Фаластин бош музокарачиси Сойиб Эрекат билан учрашдим.

У менга исроилликлар Фаластин давлати ташкил этишга оид келишувнинг бир қисми баъзи фаластинлик қочқинларнинг Исроилга қайтишларини англатишини тушуниб етишлари кераклигини айтганида ларза тушдим.

"Қочқинларнинг баъзилари"... ҳаммаси эмас.

Яҳудий келгиндилари

Жереми британиялик яҳудий. У Исроилга 20 йил бурун келган.

Жереми рафиқаси ва уч қизи билан бирга Қуддусдаги кичик хонадонларидан бирида истиқомат қилади. Улар осон ва молиявий томондан тўлиб-тошиб ясашмайди. Аммо, у анъанадор яҳудий ва ашаддий сионист.

Яҳудий келгиндилари бу ерни Тел Авивдан кўра муқаддасроқ ва Исроилнинг ҳақиқий ери санашади.

Жеремининг айтишича, бу ер "саждагоҳ"га айланган гўё.

'Погром'

Яқинда Ғарбий Соҳилда жойлашган Ҳеброн шаҳридаги яҳудий келгиндилари турар-жойларидан ҳайдаб чиқарилиши ортидан қўлланилган сўз бу.

Эҳтимолий ҳалокат ҳақидаги башоратларга қарамай, полиция ва армия яҳудийларни анчайин осон уйларидан чиқаришга муваффақ бўлишди. Исроил Олий маҳкамаси улар турган жойларида ноқонуний яшаётганлари ҳақида ҳукм чиқарганди.

Аммо, яҳудий исёнчилари аламларини уйлари пастидаги водийда истиқомат қилувчи фаластинликлардан олишди.

У томонга тош ва қўлбола бомбалар отилган пайт мен ташқи девор тагида бекиниб турардим. Даҳшат ичида қолган фаластин оилалари эса ичкарида ўзларига баррикадалар қуришганди.

Водийнинг нарида томонида жойлашган Кирят Арбадаги кўплаб яҳудий келиндилари авжга чиққан ғалаённи кўринишидан лоқайдлик билан томоша қилиб туришарди.

Эртаси куни Исроилда чиқадиган "Ҳааретз" газетаси ўтган тунги ҳужумларни "погром" дея атади. Мазкур сўз 19 асрда Россиядаги мунтазам, қонли аксиляҳудий ғалаёнларни таърифлаш учун ўйлаб топилганди.

Психологик тўсиқлар

Бу даҳшатли, аччиқ ва маънони ифодалаш учун жуда муносиб ибора.

Тахминимча, баъзилар менинг, бир яҳудийнинг яҳудий давлати ҳақида нима деб ўйлашим ҳақидаги саволга жавобим қандайлигини билишни исташлари мумкин.

Аммо, мен Би-би-си журналисти сифатида бунга жавоб беришни сира-сира истамаганман.

Бошқа томондан, бу осон.

Ўша тунги ғалаёнлар даҳшатли эди. Бу менда ғайритабиий чуқур бир уят ҳиссини уйғотди. Отам тарафдан катта бобом ва бувим ўтган аср бошларида Литва ва Россияни тарк этиб, Британиядан бошпана топишган.

Улар ва уларнинг оилалари асл погромнинг даҳшати том маънода қандай эканини билган бўлишлари мумкин.

Бир кун ўтиб, мен Қуддусдаги синагогада жума туни шаббат айёми олди ўтадиган маросимда қатнашдим.

Бу яҳудий ҳафтасининг энг шодон нуқтаси ва ўтган уч йил асносида мен қатнаган синагогада бир соату чорак дақиқа дабдабали оҳанглар янграйди.

Одатда мен ярим йўлдаёқ ўзимнинг британияликлигим ва агностик қарашларимни унутиб, жараёнга қўшилиб кетаман. Аммо, бу галги жума мен тушкунлик ва ғамгинликдан қутила олмадим.

Чунки, мен бу ерга йиғилганлар таралаётган садоларни бошқача қабул қилишмоқда деб ўйламасдим. Бир қарашда бу қарийб ғўрлик эди: нима учун улар қоронғуликни ҳам кўра олмайдилар?

Бошқа томондан бу Ғарбий Соҳил бўйлаб қўйилган бетон тўсиқлар қад кўтариши билан бир пайтда исроилликларда шаклланган психологик тўсиқларни акс эттирарди: у ерда, Яшил чизиқнинг нариги томонида нималар юз бераётгани хаёлдан чиқариларди.

Бу худди бир исроилликнинг аччиқ таъбири билан айтганда, "тинчликсиз тинчлик мукофоти" эди.

Мен яҳудий бўлганим учун мавзуни радио ва ё телевидение учун бошқача ёритганимга ишонмайман.

Аммо, мен ҳодисадан бир кун ўтиб тушкунликка тушганимнинг боиси ушбу зўравонлик яҳудийлар томонидан содир этилгани эдими? Эҳтимол...

Инкор этиб бўлмас ҳақиқатлар

Бу ва бошқа шунга ўхшаш ҳодисаларнинг акси ўлароқ саноқсиз байрам ва зиёфатлар ҳам бўлганди. Улар қаерда ва кимлар билан ўтганига қараб ўзига хос эди.

Мен ҳеч қачон ўзимни Ғарбий Девор яқинида иродасиз ҳис қиладиган яҳудий эмас эдим. Ўзимни бошқача, ожизроқ ҳис қилмасдим...

Аммо мен яҳудий дўстларим хонадонида байрамлар арафасида тўшалган дастурхонлардан туз татидим. Бу жойлар одамлари билан ўзига хос эдими ва ё ўз жойлиги учунми?

Нима бўлганда ҳам бу икки ҳолатни ажратиб бўлмас эди.

'Бошқа код'

Ва ниҳоят яна мен бир яҳудий сифатида яҳудийлар давлати ҳақида қандай ўйлашимга қайтсак. Журналист сифатида яҳудий давлати ҳақида нима деб ўйлайман: у мавжуд.

Худди давлатсиз фаластинликлар бўлгани каби.

Ҳеч бири қонли оқибатларсиз яксон бўлмайди. Олдинга қадам ташлаш керак.

Дунёда бу каби маконлар кўп эмас, эҳтимол йўқдир. 4 минг йиллик қарама-қаршиликларга саҳна бўлган заминлар. Оёғингизни ушбу тарихий замин бир жойга тираб, "Ҳа! Мана бу борада келишишимиз мумкин!" дейиш қарийб имконсиз бўлган жой бу.

Дунёдаги қайси бир шаҳар Қуддус каби 11 марта турли динлар назорати остига бўлган?

Шундай экан, ҳа, бу замин ўзига хос, ноёб.

Аммо, бу ўзгача бошқарувни талаб қилади деганими?

Энг кўп такрорланадиган изоҳни мен адир устидаги келгиндилар истиқомат қилувчи минтақада эшитгандим.

Шошанна Шило исмли бу аёл "Бу ер Яқин Шарқ. Оврўпо эмас. Биз бошқа код асосида яшаймиз", деб айтганди.

Ҳа, бу ер Яқин Шарқ, аммо ўрта асрлар эмас. Бугун биз ҳаммамиз бу ерда бошқача код билан яшашга уриниб кўришимиз керак. Шундай эмасми?