'Foreign Policy' жаҳоннинг энг ёмон диктаторлари рўхатини тақдим этди

Image caption 'Foreign Policy' жаҳоннинг энг ёмон диктаторлари рўйхатини тақдим қилди

АҚШда чоп этиладиган "Foreign Policy", яъни Ташқи Ишлар ойномасида яна бир "ёмонларнинг энг ёмони" рўйхати тақдим этилди. Бу гал рўйхатда жаҳоннинг энг "таниқли" диктаторлари.

Рўйхатга шарҳда айтилишича, совуқ уруши тугаган вақтда репрессив бошқарув динозаврлар каби йўқолиб кетиши ва демократия жаҳонни қамраб олишига умидлар туғилганди.

Лекин афсуски, диктаторлик режимлари туфайли ҳануз миллионлаб инсонлар қурбон берилмоқда, иқтисодлар қуламоқда, давлатлар инқирозга учрамоқда. Жаҳон эса бу ҳолатларга кўпда кўз юммоқда.

Мақолада ёзилишича, ҳозирги кунда жаҳондаги мавжуд мамлакатларнинг атиги 60 фоизи демократик давлатлардир.

1950 йил билан солиштирганда бу 28 фоизга кўпроқ, лекин барибир ярмидан атиги озгина ошади.

Баъзи ўзларини демократик, деб атаётган давлатлар эса аслида асл юзини яшираётган мустабид раҳбарлар томонидан бошқарилади.

"Foreign Policy"га кўра жаҳонда камида 40 нафар диктатор давлат тепасида ва тахминан 2 миллиардга яқин аҳоли рўйҳатга киритилган 23 диктатор назорати остида яшайдилар.

"Ҳамма диктаторлар ўзларига ҳос равишда ёмондирлар, лекин мен учун энг жирканчлари ҳудди Қирғизистонда бўлганидек, ўз фаолиятларини "озодлик учун курашчи" сифатида бошлаган диктаторларнинг тобора кўпайиб бораётганликларидир", деб ёзади мақола муаллифи.

"2005 йилда Курманбек Бакиев Лола Инқилоби байроғини кўтариб собиқ диктаторни қудартдан ағдарди. Африка халқлари учун бу ҳолат шу қадар яхши танишки, уларда ҳатто бу ҳақда мақол ҳам бор. Улар "Биз бир суваракни қудратдан олиб ташлаш учун роса курашдик, лекин каламуш келиб, ҳудди ўша ишни қила бошлади"дейишади".

"Мен бундай инқилобчиларни "тимсоҳсифат-эркпарварлар" деб атаган бўлардим, деб давом этади "Foreign Policy" даги мақола муаллифи.

Image caption 'Foreign Policy' диктаторлар рўхатида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов еттинчи ўринда

Рўйхат бошида Шимолий Корея раҳбари Ким Чин Ир. "Foreign Policy" унга "Фаранги майлари шайдоси бўлган Ким ўз халқини гадойга айлантирган, очликнинг кенг тарқашига йўл қўйиб берган, минглаб одамларни қамоққа ташлаган ва мамлакатда мавжуд атиги бир неча ҳил табиий бойликларидан тушган маблағларни ядро дастурига сарфлайди", дея таъриф берган.

Шимолий Корея раҳбаридан сўнг рўйхатда "озодик учун курашган қаҳрамон" ва кейинчалик "қотил мустабид"га айланган Зимбабве президенти Мугабе, Бирма раҳбари Тан Шве, Халқаро Жиноий Маҳкама томонидан уруш жиноятларида айбланган Судан президенти Умар Ҳасан Ал-Башир, бешинчи ўринда Туркманистоннинг собиқ раҳбари йўлини давом эттираётган президенти Гурбангули Бердимуҳаммадовлардир.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга эса рўйхатнинг еттинчи поғонаси берилган.

"Foreign Policy"нинг унга берган таърифи қуйидагича: "Мамлакатдаги барча мухолиф партияларни таъқиқлаган, 6.500 сиёсий маҳбусни қамоққа ташлаган ва уни танқид остига олган ҳар кимга "Исломчи террорист" тамғасини берувчи раҳбар".

Шунингдек Ўзбекистон қамоқхонларида қийноқлар қўлланиши кенг тарқалганлиги, 2005 йилда Андижонда бўлиб ўтган хунрезлик ҳам жаноб Каримов раҳбарлик даврининг кўринишлари сифатида тилга олиб ўтилган.

Ойнома рўйхатига шунингдек Эрон президенти Маҳмуд Аҳамдинежод, бир қадар савол остига олиш мумкин бўлган равишда Хитой президенти Ху Жинтао, Ливия раҳбари Муаммар Қаддофи, Сурия президенти Башар Ал-Асад, Миср раҳбари Ҳосни Муборак, Белорус президенти Алесандр Лукашенколар ҳам киритилган.