Туркия Исроил билан алоқаларни узиши мумкин

Image caption Исроилнинг ягона мусулмон шериги Туркияда рейд ортидан ғазаб кучайган

Туркия ташқи ишлар вазири май ойида инсонпарварлик кемасига уюштирилган Исроил ҳужуми борасидаги талаблар қондирилмаса, Исроил билан барча дипломатик алоқалар тўхтатилишини айтган.

Ташқи Ишлар Вазири Аҳмет Давутўғлу фақат Исроил Туркиядан расман кечирим сўрасагина, Исроил тергови натижаларини қабул қилишини билдирган.

Исроил армиясининг ишғол остидаги Ғазо бўлгасига ёрдам элтиётган кемалар карвонига қуролли рейд уюштириши оқибатида тўққиз нафар Туркия фуқароси ҳалок бўлганди.

Жаноб Давутўғлу ва Исроил Савдо Вазири Бенямин Бен Элиезер учрашувидан беш кунгина ўтиб, Туркия мавқеъи янада қатъийлашган кўринади.

Мазкур учрашув рейд ортидан совуқлашган муносабатларни қайта тиклаш йўлида ҳаракат дея баҳоланганди.

Бироқ, охирги баёнотга биноан, Туркия Исроилнинг кечирим сўрашини, ҳамда рейд қурбонлари яқинларига товон тўлаши ва халқаро тергов ўтказилишини талаб этмоқда.

Агар кечирим сўралса ва Исроил тергови хулосасида Исроил армияси айбдор экани айтилса, Туркия халқаро тергов талабидан воз кечиши мумкинлигини билдирган.

Аммо, бундай хулоса қилиниши эҳтимолдан йироқ, чунки Исроил аллақачон кечирим сўраш учун ҳеч қандай айбли иш қилмаганини айтган.

Жаноб Давутўғлу, шунингдек, ҳозирда барча Исроил ҳарбий учоқларига турк ҳаво ҳудудидан ўтиш ман этилганини билдирган. Бу Исроил учун катта ноқулайлик яратади, чунки Исроилдан шимолга чиқадиган барча ҳаво йўллари Туркия орқали ўтади.