Балиқ ёғи кўкрак саратони келиб чиқиш эҳтимолини камайтирадими?

Image caption Америка олимлари ўтказган тадқиқот натижалари балиқ ёғи кўкрак саратони эҳтимолини камайтириши мумкинлигига ишора этмоқда

АҚШда чоп этиладиган "Саратон эпидемиялогияси, био-белгилари ва олдини олиш" ойномасида чоп этилган тадқиқот натижаларига кўра, балиқ ёғи кўкрак саратони келиб чиқиши эҳтимолини 32 фоизга қадар камайтириши мумкин экан.

Тадқиқотчилар олти йил мобайнида таркибида балиқ ёғи бўлган дармон дориларни қабул қилган 35 минг аёлни кузатув остига олганлар.

Балиқ ёғида "Омега-3" ёғ кислотаси кўплиги туфайли инсон соғлиғига анчайин фойда келтириши мумкинлиги авваллари ҳам аниқланганди.

Масалан, болаларнинг ақлий қобилиятларини кучайтириш, артрит ва баъзи руҳий касалликларнинг олдини олишда роли борлиги айтиларди.

Бу галги тадқиқот биринчи маротаба балиқ ёғи ва кўкрак саратони келиб чиқиши эҳтимолининг камайиши ўртасида боғлиқликка ишора этмоқда.

Авваллари бу соҳада ўтказилган тадқиқотлар бирон ишончли натижа бермаганди.

Аммо тадқиқотни олиб борган олимлар балиқ ёғи билан кўкрак саратони орасида аниқ боғлиқлик борлиги ҳақида қатъий хулосага келмасликка даъват қилмоқдалар.

Уларнинг тадқиқотлари балиқ ёғи касаллик келиб чиқишини камайтириши мумкинлигига ишора этаётган бўлса ҳам, бу натижалар қайта-қайта текширилиб, мустақил тадқиқотлар орқали тасдиқланиши лозим дейилмоқда.