Норвегияда "Ал-Қоида"га аъзоликда гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси дохил уч киши ҳибсга олинди.

Image caption Норвегия полицияси раҳбари, ҳибсга олинган уч киши қўпорувчилик амалини ражалшатиришга алоқадор кўрилаётганликларини айтган.

Норвегия полициясининг маълум қилишича, ўзбекистонлик бошпана изловчиси дохил уч кишини террорчилик амалини режалашга алоқадор кўрилиб, ҳибсга олинган.

Улардан икки нафари Норвегиянинг ўзида, қолган биттаси эса, Олмонияда ҳибсга олинган.

Полиция ҳозирча уларнинг исм-шарифларини эълон қилмади.

Аммо биттаси Норвегия фуқаролигига эга ва мамлакатда 1999 йилдан бери яшаб келган 39 ёшли хитойлик уйғур эканлиги айтилган.

Иккинчиси Норвегиядан бошпана олган 37 ёшли ироқлик курд ва учинчиси 31 ёшли Норвегияда муқим яшаш ҳуқуқи берилган Ўзбекистон фуқароси эканлиги айтилмоқда.

Учовлон бир неча ойлик кузатувлар ортидан ҳибсга олинишган.

Уларнинг режалаштирган, дея айтилган ҳужум ҳақида кўп нарса маълум қилинмади. Бироқ Норвегия полициясининг айтишича, гумондонларнинг ҳам АҚШ ва ҳам Буюк Британияда қайд этилган фитналарга алоқалари бор.

Кеча АҚШ Адлия департаменти илк бор Нью Йорк метро тармоғида портлаш уюштиришга қаратилган фитнанинг ўтган йил апрел ойида Манчестерда фош этилган фитна билан алоқаси борлигини билдирганди.

Америкалик масъулларга кўра, ҳар икки фитна ҳам Покистондаги ал-қоидачилар томонидан ташкиллаштирилган. Энди эса, фитнанинг учинчи тармоғи ҳам ошкор этилган кўринади.