Россия: 'худкуш ҳужумга тайёрланаётган аёллар қўлга олинган'

Москва метроси
Image caption Март ойидаги Москва метросидаги портлаш 40 инсоннинг умрига зомин бўлган

Россия расмийларига кўра, шу йил март ойида Москва метросидаги портлашларга алоқадор бир эркак ва ўзини портлатишга тайёрланаётган олти нафар аёл қўлга олинган.

Бу ҳақда Россия Аксилтеррор қўмитаси эълон қилган.

Қўмитадан билдиришларича, Доғистон пойтахти Махачқалада махсус амалиёт ўтказилган.

Амалиёт чоғида ҳибсга олинган кишини 29 март куни Москва ерости йўлида ўзларини портлатган икки аёлни Россия пойтахтига етиб олишда ёрдамлашганликда айблашаяпти.

Аксилтеррор қўмитасига кўра, қўлга олинган олти аёлнинг ёшлари 15 дан 29 гача бўлган, улар ўзларини Россиянинг марказий ҳудудларидаги "гавжум жойларда ўзларини ўзлари портлатмоқчи бўлганлар".

Расмийлар ҳибсга олинган аёллардан тўрт нафарининг турмуш ўртоғи жангари бўлишганини, ҳукумат кучлари билан жангларда ҳалок бўлганини айтадилар.

Ҳибсга олиш амалга оширилган жойда худкуш ҳужумчиликка тайёрланганларнинг васият мактублари топилгани ҳақида ҳам хабар қилинган.

Россия расмийларига кўра, шу йил 29 март куни Москва метросида ўзини портлатган худкуш ҳужумчилар шахслари аниқланган.

Икки аёлнинг ҳам доғистонлик бўлгани хабар қилинган.

Россия Федерал Хавфсизлик хизмати май ойидаги махсус амалиёт чоғида Москва ерости йўлида портлашларни ташкиллаштирган уч шахс билан отишма рўй берганини ва улар ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатган.

Москвадаги портлашларда 40 киши ҳалок бўлган, 90 дан зиёд одам яраланган.

Интернетда пайдо бўлган видеолавҳада ўзини чечен бўлгинчиларининг раҳбарларидан бири Доку Умаров деб таништирган киши Москвадаги ҳужумлар учун масъулияни зиммасига олган.