Эрондаги худкушлик ҳужумида 20 дан ортиқ киши қурбон бўлди

Ҳужум ортидан

Эронлик мулозимларга кўра, икки худкуш ҳужумчи томонидан мамлакат жануби-шарқидаги шиа масжидига уюштирилган ҳужумда камида 22 киши қурбон бўлган.

Биринчи худкуш ҳужумчи ўзини Зоҳидон шаҳридаги "Жомеъа" масжиди ташқарисида жойлашган назорат нуқтасида порлатиб юборган.

Биринчисидан қисқа вақт ўтмай, янада ҳалокатли иккинчи ҳужум юз берган.

Қурбонлар орасида намозхонлар ва Инқилоб гвардияси аъзолари ҳам борликлари айтилмоқда.

Эрон оммавий-ахборот воситаларининг хабар беришларича, ҳодиса "Жундуллоҳ" сунний исёнкор гуруҳи томонидан уюштирилган.

Хабарларга кўра, гуруҳ масъуллардан қасос олмоқчи бўлган. Чунки гуруҳ раҳбари шу йил июн ойида Эронда осиб ўлдирилганди.

"Жундуллоҳ" томонидан юборилгани даъво қилинаётган электрон мактубида ҳам, "ҳужумлар Абдулмалик Ригининг ўлимига жавобан амалга оширилган"и айтилади.

Гуруҳ бундан аввал ҳам Зоҳидонда қатор ҳужумларга қўл урган.

"Даҳшатли ҳужум"

Ҳужум намозхонлар Муҳаммад Пайғамбарнинг набиралари Имом Ҳусайннинг таваллуд айёмини нишонлаётган бир пайтларида юз берган.

Бунинг ортидан юз берган портлаш кишилар биринчи ҳужум жабрдийдаларига ёрдам бериш учун йиғилган пайтларида амалга оширилган.

Шу сабабдан ҳам, иккинчи ҳодисада катта сондаги кишилар қурбон бўлишган.

Вилоят ҳокими Али Муҳаммад Озоднинг айтишича, "масжид ташқарисида амалга оширилган икки ҳужумда йигирмадан ортиқ киши ҳалок бўлган, 160 нафари яраланган".

Ҳоким жанобларига кўра, яраланганлар орасида аҳволи ниҳоятда оғирлари ҳам бўлгани учун қурбонлар сони янада ортиши мумкин.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон "даҳшатли ҳужумлар"ни қоралаб, жавобгарлар қонун олдида жавоб беришлари лозимлигини айтган.

Зоҳидон Афғонистон ва Покистон билан чегарадош Систан-Балужистон вилоятининг маркази ва анчагина беқарорлиги билан ном чиқарган.

Минтақа ноқонуний йўллар билан Афғонистондан Оврўпога олиб ўтилаётган гиёҳванд моддалар учун ҳам асосий транзит йўлларидан бири ҳисобланади.

Шу сабабдан, кучли қуролланган контрабандачилар ҳам бу ердаги вазиятинг беқарорлигида муҳим ўрин тутишади.