Ҳиндистонда икки поезд тўқнашуви оқибатида ўнлаб инсонлар ҳаётдан кўз юмди

Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгол штатида одамга лиқ тўла икки поезд тўқнашуви оқибатида камида 60 одам ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳат олган.

Душанба куни тонгги соат 2 ларда тез юрар поезд Саинтҳия шаҳарчасидаги станцияда турган иккинчи поездга келиб урилган.

Вагонлардан бири станцияга элтувчи пиёдалар юрадиган кўприк устига чиқиб кетган ва яна бир неча вагон қаттиқ шикаст еган.

Ҳалокат сабаблари ҳозирча аниқланмаган.

Билдирилаётган тахминлардан бирига кўра, темирйўлдаги бузилган чироқ ҳалокатга сабаб бўлган.

Қутқарувчилар вайроналар остида қолиб кетган йўловчиларга етиб боришга ҳаракат қилишган.

Қутқарувчиларга полиция ва ҳалокат жойига биринчилардан бўлиб етиб борган юзлаб маҳаллий аҳоли вакиллари ёрдам беришмоқда.

Ҳалок бўлган инсонларнинг таналарини, ярадор одамларни чиқариб олиш учун вагонлар қолдиқларини кесиб ташлашга тўғри келган.

Ҳалокат Калкуттага бораётган тез юрар поезднинг станцияда турган поездга келиб урилиши оқибатида юз берган.

Тўқнашув шунчалар кучли бўлганки, вагонлардан бирининг томи пиёдалар юрувчи кўприк устига чиқиб кетган.

Ҳалокат сабабларини ўрганиш учун текширувларнинг бошланиши кутилмоқда, дея хабар беради Деҳлидан Би-би-си мухбири Санжой Мажумдер.

Темирйўл ширкатидан билдиришларича, тўқнашган вагондаги жой ўринлари рақамланмаган, шунинг учун вагон ичкарисидаги инсонлар шахсини аниқлаш, ярадор ва ҳалок бўлганларнинг яқинларига хабар беришнинг иложи бўлмаяпти.