АҚШ нефть сирқиб чиқишидан яна хавотирда

Image caption БР ширкати нефть қудуғи билан боғлиқ инқироз унга 4 миллиард долларга тушганини айтмоқда

АҚШ ҳукумати хавотирига кўра, Мексика кўрфазида тешилган ва янги қопқоқ кийдирилган нефть қудуғи яқинида нефть сирқиб чиқаётган бўлиши мумкин.

Тозалаш ишларига раҳбарлик қилаётган Тад Аллен денгиз тубида сирқиб чиқаётган модда метан экани аниқлангани, ва бу нефть ҳам сирқиб чиқаётганини англатиши мумкинлигини айтган.

У агар нефть ҳақиқатан сирқиб чиқаётган бўлса, қудуққа кийилган қопқоқни қайта очиш ва нефтни денгиз устидаги кемаларга йўналтириш чораларини амалга ошириш бўйича Бритиш Петролеум (BP) ширкатига янги режа ишлаб чиқишни буюрган.

Бироқ, BP бу каби жараённи бошлашга уч кун кетишини билдирди.

Агар ўтган пайшанба куни кийдирилган қопқоқ очилса, яна кунига ўн минг тонна баррел нефть уммонга аралашиши мумкин.

Уч ой аввал BPнинг Deepwater Horizon номли бурғиланган қудуғи портлаб, 11 кишини нобуд қилиши ортидан нефть кўрфазга чиқа бошлади.

BP қудуқни таъмирлаш йўлидаги бир қатор ҳаракатлари иш бермагач, пайшанба куни янги қопқоқ билан қудуқ оғзини ёпа олди. Ширкат нефть сирқиб чиқиши буткул тўхтагунча қопқоқ жойида қолишига умид қилганди.

Аммо, қопқоқ кийдирилгач, қудуқ ичидаги босим олимлар кутганидан пастроқ бўлган. Айнан шу ҳолат нефть эҳтимол энди бошқа жойдан сирқиб чиқаётгани бўйича хавотирларни уйғотган.

БРнинг бош директори Боб Дадлига йўллаган мактубида жаноб Аллен "Агар қудуқ яқинидаги нефть сирқиб чиқиши тасдиқланса, мен сизга қудуқни бўғаётган қопқоқни шикаст етказмай зудлик билан очишни буюраман," деди.

Қудуқни ёпиш йўлидаги охирги чора муваффақиятли бўлган эсада, олимлар энди нефть денгизнинг бошқа жойларидан сирқиб чиқа бошлашидан хавотирдалар.

БП ширкати нефтни қудуқдан денгиз устидаги кемаларга йўналтириш бўйича чораларни ишлаб чиқаётганини билдирган.