Швейцария банки Кафка қўлёзмаси сақланаётган қутини очишга рухсат берди

Эстер Хоффе ва Макс Брод
Image caption Макс Брод Кафка қўлёзмаларини котибаси Эстер Хоффега берган

Жаҳонга таниқли ёзувчи Франц Кафканинг қўлёзмалари ва суратлари сақланаётган банк қутиларини очишга Швейцариянинг UBS банки рухсат берган.

Цюрих шаҳридаги депозит банк қутиларида сақланаётган нарсалар билан танишишга экспертга рухсат этилган, бу Тел-Авивдаги маҳкама қарори асосида амалга оширилмоқда.

Бундан мақсад банкда сақланаётган ёзувларнинг чиндан ҳам Франц Кафкага тегишли ёки йўқлигини ҳамда бу қўлёзмаларнинг бугунги кундаги эгаси ким бўлиши керак, деган саволга жавоб топишдир.

Исроилда истиқомат қиладиган икки опа-сингил даъво қилишича, банкда сақланаётган Франц Кафка қўлёзмаларига эгалик ҳуқуқи оналаридан ўзларига ўтган, бироқ Исроил ҳукумати Кафкага тегишли нарсалар мамлакат маданий мероси бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

Опа-сингиллар ва Исроил ҳукумати ўртасидаги маҳкама тортишуви анча вақтдан буён давом этиб келади.

XX аср жаҳон адабиётидаги энг жумбоқли ёзувчилардан бўлган Франц Кафка 1924 йилда атиги 40 ёшида сил хасталигидан вафот этган.

Агар унинг васиятига амал қилинса, Франц Кафка номини дунёга танитган "Жараён", "Қалъа"("Қўрғон") асарлари ҳеч қачон нашр этилмасди.

Бироқ Кафканинг дўсти ва унинг адабий мероси тарғиботчиси Макс Брод ёзувчи қўлёзмаларини чоп этади.

Макс Брод 1939 йилда немис қўшинлари Прага шаҳрига бостириб кирганда қўлёзмаларни олиб қочишга мажбур бўлган.

Image caption Франц Кафка XX асрдаги энг жумбоқли ёзувичлардан

Макс Брод қоғозларни ўзининг котибаси Эстер Хоффега берган.

Хоффе хоним қўлёзмаларнинг бир қисмини, шу жумладан, "Жараён" романини Олмониядаги адабиёт архивига сотган, бир қисмини эса қизларига берган.

Кафка ижоди намуналарига опа-сингил Хоффеларнинг эгалиги ҳуқуқига қарши чиқаётган Исроил ҳукумати Олмониядан қўлёзмаларни қайтариб беришни талаб қилган, Исроил томонига кўра, қўлёзмалар ноқонуний сотилган.

Бироқ Олмония адабий архиви эса қўлёзмалар Лондондаги Sotheby кимошди савдосида харид қилинганини айтиб, қоғозларни қайтариш талабини рад этади.

Дунёдаги қатор олимлар ва адабиётшуносларга кўра, маҳкама баҳси якунида Цюрихдаги банк қутиларида сақланаётган қўлёзмаларнинг ҳуқуқий эгаси ким аталишидан қатъи назар, улар жамоатчиликка ошкор этилмоғи лозим.