Кобулда Афғонистон келажагига бағишланган халқаро анжуман ўтмоқда

Ҳомид Карзай
Image caption Карзай жаноблари Афғонистон ва иттифоқчилар 'ваҳший умумий душман' қаршисида туришганини айтади

Кобулда ўтаётган халқаро анжуманни очиб берган Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай 2014 йилга қадар мамлакат хавфсизлиги масъулиятини афғон қўшинларига топширишга оид чақириғини такрорлаган.

Карзай жаноблари ҳали Афғонистон яхши бошқарувни йўлга қўя олмаганини тан олган ва Афғонистон ҳамда иттифоқчилари қаршисида "умумий ваҳший душман" турганини қўшимча қилган.

Айни пайтда у афғон қўшинлари жорий йил охирларида айрим минтақалар хавфсизлик назоратини қўлга олишлари мумкинлигини айтган.

Ўз қўшинларини Афғонистондан 2015 йилга бориб чиқариб олиш эҳтимоли ҳақида гапираётган Британия ушбу чақириқни хушқарши олган.

Афғонистон келажагига бағишлаб ўтказилаётган Кобул анжуманида дунёнинг 70дан ортиқ давлатларидан вакиллар иштирок этишяпти.

Иштирокчилар келаси беш йил асносида Афғонистон хавфсизлиги масъулиятини Британия ва бошқа хорижий кучлардан олиб афғон қўшинларига топшириш режалари дохил қатор масалалар мубоҳаса қилишмоқда.

Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Карзай жаноблари мамлакатдаги коррупция муаммосини бартараф этиши ва яхши бошқарувни йўл қўйишига қатъий ишонтиришини исташади.

Ўз ўрнида Президент Карзай хусусий хавфсизлик ширкатларини Афғонистондаги коррупция ва беқарорликка масъул бўлаётганликда айблаган. "Мазкур қараш анжуманнинг кўплаб иштирокчиларини ҳайратга солиши мумкин", дейди Кобулдаги мухбиримиз.

Бу Афғонистонга бағишланган тўққизинчи халқаро йиғин бўлиб, унда ҳам хавфсизлик, коррупция, бошқарув, тараққиёт ва миллий ярашув каби жуда ўхшаш мавзулар мубоҳаса этилмоқда.

Британия, Америка, БМТ, НАТО ва бошқа ўнлаб давлатлар мазкур масалаларда кўпроқ илгарилашга чақиришади.

"Бироқ, бунинг учун Толибон мағлуб этилиши ва ё камида аҳамиятсиз кучга айланиши керак, бироқ ҳали булар амалга ошаётганига оид бирон-бир аломат кўзга ташланмайди", дейди Би-би-си мухбири.

Якшанба куни тунда пойтахт Кобул ракеталар билан нишонга олинган ва баъзи анжуман иштирокчилари ўз учоқларини ҳарбий базага қараб буришларига мажбур бўлишганди. Мазкур ҳолат эса, мамлакат хавфсизлик вазияти ишончли эмаслигини урғулайди.