Россия жанубидаги Баксан ГЭСига ҳужум қилинди

Image caption Кабардин-Болқор Республикасидаги Баскан ГЭСига ҳужум оқибатида асосий генераторлар ишдан чиқарилган.

Кабардин-Болқор Республикасидаги Баксан дарёсида қурилган ГЭСга номаълум шахслар бостириб кириб, асосий ускуна ўрнатилган хонани портлатиб юборганлар.

Баскан ГЭСи тегишли бўлган "РусГидро" ширкатининг маълум қилишича, эрта тонг, соат 4 дан 20 дақиқа ўтганда номаълум шахслар станция қўриқчиларидан икки кишини ўлдириб, асосий генератор ўрнатилган хонага портловчи ускуналарни жойлаштирганлар.

"РусГидро"га кўра, шундан сўнг камида уч портлаш рўй берган.

Портлашлардан сўнг ёнғин келиб чиққан.

Ҳодиса ерига етиб келган ўт ўчирувчилар генератор хонасида портловчи ускуналар ҳануз бўлганлиги сабабли ўт ўчиришга кириша олмаганлар ва аввалига махсус зарасизлантирувчи гуруҳни чақиришга мажбур бўлганлар.

Фавқуллода Ҳолатлар вазирлигига кўра, ҳужум оқибатида станциянинг икки генрератори ишдан чиққан, учинчисини ишлатиш мумкин, лекин станция ҳозирча бутунлай ишдан тўхтаган.

Кабардин-Болқор Ички Ишлар вазирлигининг маълум қилишича олти нафар ҳужумчи икки юк машинасида келганлар.

"РусГидро" ширкати мамлакат жанубидаги ўз ГЭСлари атрофидаги хавфсизлик чораларини кучайтирганлигини маълум қилди.

Кузатувчилар гидро-электр станциясига уюштирилган ҳужум Россия тарихида илк маротиба юз бераётганига урғу беришмоқда.

“РусГидро” ширкати расмийлари ҳозирда тошқин хатари йуқлигини билдиришган.

Бош вазир Владимир Путин портлатилган ГЭС ни тўла тиклаш режасини тузиш буйича буйруқ берди.

Баскан ГЭСи Россиянинг энг дастлабки станцияларидан бўлиб, қурилиши 1930 йилда бошланган. 1939 йили фойдаланишга топширилган.