Исломобод яқинида йўловчи учоқ ҳалокатга учради

Image caption Учоқ Исломобод яқинидаги Марғалла тоғларида ҳалокатга учраган

Бортида камида 150 нафар йўловчи бўлган учоқ Исломобод шимолидаги тоғда ҳалокатга учраган. Полицияга кўра, Airblue ширкатига қарашли учоқ Карачидан Покистон пойтахтига учаётган бўлган.

Покистон фавқулодда хизматлари йирик қутқарув амалиётини бошлаган, Расмийлар 5 жасаднинг топилганини айтишган.

Баъзи хабарларда 3, бошқаларида эса 5 нафар тирик қолган йўловчининг топилгани ва шифохонага олиб кетилгани айтилади.

Покистон телевидениеси ҳодиса жойи - туман қоплаган тоғдаги тутун ва аланга тасвирлари, шунингдек, тепада вертолётларнинг учаётгани акс этган тасвирларни намойиш этган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 152 нафар йўловчиси бўлган учоқ маҳаллий вақт билан эрталаб 7.50 да Карачидан аэропортидан ҳавога кўтарилган ва Исломободга қўнишидан бир неча дақиқа аввал у билан алоқа йўқолган.

Шоҳидлардан бири Рейтер агентлигига учоқнинг ёмғирли ҳавода жуда паст учаётганига гувоҳ бўлганини айтган.

"Ёмғир ёғаётганди. Мен ишхонамнинг деразасидан учоқнинг жуда паст учаётганини кўрдим", -деб айтган айтган Қадим Ҳусайн исмли шоҳид.

Бошқа бир гувоҳ эса учоқнинг қўнишидан аввал қалқиб турганини айтган.

" Учоқ мувозанатни йўқотди ва биз унинг пастга қулаётганини кўрдик", -деган Сақлайн Алтаф.

Расмийларга кўра, Марғалла тоғларида омон қолганларни қидираётган қутқарувчилар беш кишининг жасадини топишган.

Беназир Бҳутто аэропорти мулозими Муҳаммад Усмоннинг билдиришича, йўловчиларнинг тақдири ҳақида маълумот олиш илинжида аэропортга етиб келган яқинлари йиғлашмоқда.

Исломобод осмони охирги икки кунда қалин булут билан қопланган бўлган.

Аввалроқ учоқнинг Туркиядан йўлга чиққани айтилганди, аммо бу хабар тасдиқланмаган.

Покистон армияси қутқарув амалиётларига жалб этилган.